Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида низом

Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлисининг 2000 йил 14 декабрдаги
164-II-сонли қарори билан тасдиқланган
 
Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
НИЗОМ
 
1. Ҳарбий судлар Ўзбекистон Республикаси суд тизимига киради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлардан иборат бўлади.
Ҳарбий судлар чиқарадиган ҳал қилув қарорлари ва ҳукмлар Ўзбекистон Республикаси номидан эълон қилинади.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъати лавозим бўйича Ҳарбий ҳайъат раиси ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосаридан, Ҳарбий ҳайъат раисининг ўринбосари ва судьялардан иборат бўлади.
(2-модданинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 20 июлдаги ЎРҚ-103-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2007 й., 29-30-сон, 296-модда)
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди вилоят суди ҳуқуқлари доирасида иш олиб боради ҳамда раис, раис ўринбосари, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.
Округ ва ҳудудий ҳарбий судлар туман суди ҳуқуқлари доирасида иш олиб боради ҳамда раис, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан, зарурат бўлганда эса суд раисининг ўринбосаридан ҳам иборат бўлади.
3. Ҳарбий судларнинг судьялари «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда сайланадилар ва тайинланадилар.
4. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари:
а) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Миллий хавфсизлик хизматининг, фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ички ишлар вазирлиги қўшинларининг ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари, шунингдек ўқув йиғинларида бўлган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;
(4-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 22 декабрдаги ЎРҚ-238-сон Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 553-модда)
б) ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмалар, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ва ҳарбий бошқарув органлари ҳамда ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятларни;
в) алоҳида ҳолатларга кўра умумий юрисдикция судлари фаолият кўрсатмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;
г) давлат сирларига тааллуқли ишларни;
д) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ишларни кўради.
Ушбу банднинг «а» кичик бандида кўрсатиб ўтилган шахслар ҳарбий ёки унга тенглаштирилган хизматни ўташ даврида содир этган жиноятлар тўғрисидаги ишлар, агар улар иш судда кўрилиш пайтига келиб хизматдан бўшаб кетган бўлсалар ҳам ҳарбий судлар томонидан кўрилади.
Ушбу банднинг «а» кичик бандида кўрсатиб ўтилган шахслар ҳарбий ёки унга тенглаштирилган хизматга чақирилгунга ёки киргунга қадар содир этган жиноятлар тўғрисидаги ишлар умумий юрисдикция судлари томонидан кўрилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати судловига:
олий офицерлар таркибидаги мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар, шунингдек ушбу шахсларга тааллуқли бошқа ишлар ва шикоятлар тегишлидир.
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судининг судловига:
содир этилганлиги учун ўлим жазоси белгиланиши мумкин бўлган жиноятлар тўғрисидаги ишлар;
полковник, 1-даражадаги капитан унвонига эга бўлган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар ёхуд бригада командири лавозимидаги шахслар ҳамда хизмат мавқеи бўйича уларга тенг шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар, шунингдек ушбу шахсларга тааллуқли бошқа ишлар ва шикоятлар тегишлидир.
Округ ва ҳудудий ҳарбий судлар судловига:
подполковник, 2-даражадаги капитандан юқори бўлмаган унвондаги шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар, шунингдек ушбу шахсларга тааллуқли бошқа ишлар ва шикоятлар тегишлидир.
6. Бир гуруҳ шахсларни айблашга оид иш бўйича, гарчи айбланувчилардан лоақал бири хусусидаги иш ҳарбий суд судловига тааллуқли бўлса ва уни қонунга кўра алоҳида иш юритишга ажратиш мумкин бўлмаса, фуқаро шахсларга оид ишларнинг ҳарбий суд томонидан кўрилишига йўл қўйилади.
Якка шахс ёки бир гуруҳ шахслар бир неча жиноятни содир этишда айбланиб, гарчи жиноятлардан лоақал бири тўғрисидаги иш ҳарбий суд судловига тааллуқли бўлса, ҳамма жиноятлар тўғрисидаги ва барча шахсларга оид иш ҳарбий суд томонидан кўрилади.
7. Ҳарбий судлар жиноят ишлари билан бирга ҳарбий қисмлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг ва фуқароларнинг содир этилган жиноятлар натижасида уларга етказилган моддий зарарни ундириб бериш тўғрисидаги фуқаролик даъволарини ҳам кўриб чиқадилар.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий суди:
ҳарбий судлар ишининг ташкил этилишини текшириб туради;
ҳарбий судлар суд амалиётини, шунингдек суд статистикасини юритиш иши қандай ташкил этилганлигини ўрганади ва умумлаштиради;
ҳарбий судлар судьяларининг малакасини ошириш чора-тадбирларини кўради;
судьяларнинг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги махсус ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда халқ маслаҳатчилари сайловини ўтказишга доир ишларни уюштиради ҳамда ҳарбий судларни ташкил этиш ва уларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ҳарбий судлар ишини ташкил этиш масалаларига доир буйруқлар ва фармойишлар чиқаради.
9. Ҳарбий судлар таркиби, штатлар сони, штатдаги лавозимлар ва шу лавозимларга мос бўлган ҳарбий унвонлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири билан келишган ҳолда берган тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъатининг, бошқа ҳарбий судларнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари штатлар сонига киради ва ҳарбий хизматчиларнинг барча таъминот турлари билан таъминланади, судьялар ва ҳарбий хизматчилар учун белгиланган ҳуқуқ, имтиёз ва устунликларидан фойдаланадилар.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг судьяларига эгаллаб турган лавозимларига мувофиқ ҳарбий унвонлар берилади.
12. Ҳарбий судлар судьяларига полковникдан юқори бўлмаган унвонлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири томонидан берилади.
Олий ҳарбий унвонлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биргаликдаги тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.
13. Ҳарбий судлар судьялари «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва ҳарбий низомларга мувофиқ интизомий жавобгарликка тортиладилар.
14. Ҳарбий судларнинг ходимларини ишга қабул қилиш ва улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ тегишли ҳарбий суд раиси томонидан амалга оширилади.
15. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъатини ва ҳарбий судларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, молиялаштириш, транспорт, алоқа воситалари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги зиммасига юклатилади.
16. Ҳарбий судларнинг хизмат бинолари улар фаолият кўрсатаётган ерда жойлашган ҳарбий қисмлар томонидан ёхуд шу мақсадлар учун махсус тузилган ҳарбий бўлинмалар томонидан қўриқланади.
17. Ушланган, қамоққа олинган, гауптвахталарда сақланаётганларни ҳарбий судларга қўриқлаб олиб бориш ва уларни суд мажлисида қўриқлаш ҳарбий қисмлар ёки гарнизонларнинг ҳарбий комендатуралари томонидан амалга оширилади.
Бошқа сақлаш жойларида, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳбусларни ишни кўриш жойига қўриқлаб олиб бориш ва қўриқлаш белгиланган тартибда – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг соқчилик қўшинлари қисмлари, органлари томонидан амалга оширилади. 
18. Ҳарбий судлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.