Суд ва ЎзР Олий суди ҳузуридаги Тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида низом

Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлисининг 2000 йил 14 декабрдаги
164-II-сонли қарори билан тасдиқланган
 
Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида
НИЗОМ
 
(низом номи Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелдаги ЎРҚ-207-сонли Қонуни таҳририда– ЎР ҚҲТ, 2009 й., 15-сон, 177-модда)
 
1. Ушбу Низом суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) ходимларига махсус унвонлар – мансаб даражалари бериш тартибини белгилайди.
(1-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелдаги ЎРҚ-207-сонли Қонуни таҳририда– ЎР ҚҲТ, 2009 й., 15-сон, 177-модда)
2. Суд ва Марказ ходимларининг махсус унвонлари қуйидаги мансаб даражаларидан иборат:
(2-модданинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелдаги ЎРҚ-207-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2009 й., 15-сон, 177-модда)
1-даражали адлия маслаҳатчиси
2-даражали адлия маслаҳатчиси
3-даражали адлия маслаҳатчиси
1-даражали юрист
2-даражали юрист
3-даражали юрист.
3. Мансаб даражалари ижобий аттестацияси, олий юридик маълумоти мавжуд бўлган тақдирда, малакаси, эгаллаб турган лавозими ва иш стажига қараб, шунингдек илгариги иш ёки хизмат жойида берилган махсус унвонини эътиборга олган ҳолда навбати билан берилади.
(3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелдаги ЎРҚ-207-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2009 й., 15-сон, 177-модда)
4. Мансаб даражалари:
     1-даражали адлия маслаҳатчиси -Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Котибияти мудирига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди бошқармалари бошлиқларига,
Марказ директорига;
    2-даражали адлия маслаҳатчиси -Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта экспертларига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарларига, бўлим бошлиқларига, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг, Олий суди раисининг, Олий хўжалик суди раисининг ёрдамчиларига, Марказ директорининг ўринбосарига, Марказнинг бўлим бошлиқларига;
    3-даражали адлия маслаҳатчиси -Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг экспертларига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди Раёсати котибиятининг бошлиғига, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Олий хўжалик судининг бош (катта) консультантларига, Марказнинг бош ва етакчи консультантларига;
    1-даражали юрист-Ўзбекистон Республикаси Олий судининг консультантларига, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судларининг, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг катта консультантларига, қабулхона бошлиқларига, бош мутахассисларига, Марказнинг катта консультантларига, кадрлар бўйича катта инспекторига ва девонхона мудирига;
   2-даражали юрист-Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари консультантларига, раисларининг ёрдамчиларига, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди консультантларига, раисларининг ёрдамчиларига, катта мутахассисларига, девонхона мудирларига, малака ҳайъатлари котибларига;
     3-даражали юрист-Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар консультантларига, раисларининг ёрдамчиларига, девонхона мудирларига берилади.
(4-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
5. 1, 2 ва 3-даражали адлия маслаҳатчиси, шунингдек 1, 2 ва 3-даражали юрист мансаб даражаларини:
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди девони ходимларига – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси;
(5-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонунига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган – ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
умумий юрисдикция судлари аппарати ва Марказ ходимларига – Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси;
(5-модданинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелдаги ЎРҚ-207-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2009 й., 15-сон, 177-модда)
хўжалик судлари аппарати ходимларига – Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси беради.
(5-модда Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 12 декабрдаги 568-II-сон Қонуни таҳририда – Олий Мажлис Ахборотномаси, 2004 й., 1-2-сон, 18-модда)
6. Ҳар бир мансаб даражасида бўлиш муддати ижобий аттестация мавжуд бўлган тақдирда 3, 2, 1-даражали юристлар учун икки ярим йилни, 3 ва 2-даражали адлия маслаҳатчилари учун тўрт йилни ташкил қилади.
7. Судларга ва Марказга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ва бошқа ташкилотлардан ишга ўтган ходимларга улар қайси лавозимга тайинланганликларини, билим ва тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда мансаб даражалари берилади.
(7-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелдаги ЎРҚ-207-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2009 й., 15-сон, 177-модда)
8. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Олий суди раиси, Олий хўжалик суди раиси:
(8-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
1) олдинги мансаб даражасида бўлиш учун белгиланган муддат тугамасдан, ишда алоҳида ўрнак кўрсатганлиги ёки хизмат бурчини намунали бажарганлиги учун;
2) ходим юқори лавозимга тайинланаётганда навбат тартибига риоя қилмаган ҳолда, лекин унинг ўз даражасидан икки мансаб даражасидан юқори бўлмаган;
3) аттестациядан биринчи марта ўтаётган ходимларга уларнинг лавозимлари бўйича белгилангандан бир поғона паст мансаб даражаси бериш ҳуқуқига эга.
9. Юридик мутахассислик бўйича иш тажрибаси бўлмаган шахсларга улар лавозимга тайинланганидан кейин камида олти ой вақт ўтгач мансаб даражаси берилади.
10. Бир мансаб даражасида белгиланган муддат хизмат қилган, лекин хизмат фаолиятида ёки хулқида жиддий камчиликлари бўлган суд ва Марказ ходимларининг мансаб даражаси кўтарилмайди.
(10-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелдаги ЎРҚ-207-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2009 й., 15-сон, 177-модда)
11. Мансаб даражаси берилган ходимлар шу мансаб даражасида умрбод бўладилар ва фақат судларда ҳамда Марказда ишлашга нолойиқ хатти-ҳаракатлари учун меҳнат шартномаси бекор қилинганда ундан маҳрум қилинишлари мумкин.
(11-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелдаги ЎРҚ-207-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2009 й., 15-сон, 177-модда)
12. Хизмат бурчини қўпол бузгани ёки хизмат вазифасини муттасил лозим даражада бажармагани учун ходимнинг мансаб даражаси унга берилганидан иккидан ортиқ бўлмаган мансаб даражасига пасайтирилиши мумкин. Мансаб даражасидан маҳрум қилиш ёки уни пасайтириш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Олий суди раиси, Олий хўжалик суди раиси томонидан амалга оширилади.
(12-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
13. Суд ва Марказ ходимларига мансаб даражалари бериш учун аттестация ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Олий суди раиси, Олий хўжалик суди раиси томонидан уларнинг ваколати доирасида белгиланади.
(13-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
14. Мансаб даражаси бўлган суд ва Марказ ходимларининг фарқлаш белгилари ва мансаб маошларига устама ҳақ миқдорини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
(14-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелдаги ЎРҚ-207-сонли Қонуни таҳририда – ЎР ҚҲТ, 2009 й., 15-сон, 177-модда)