Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ходимларининг мансаб йўриқномаси

         Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Раёсатининг
2012 йил 29 мартдаги РС-02/12-сонли
қарори билан тасдиқланган
 
 
 
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди
ходимларининг мансаб
ЙЎРИҚНОМАСИ
 
 
Умумий қоидалар
 
Ушбу Йўриқнома фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ходимларининг асосий хизмат вазифаларини белгилайди.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ходимлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, шаҳар суди ходимлари фаолиятини тартибга солувчи Низом ва қўлланмалар, шаҳар суди раисининг Фармойишлари ҳамда ушбу Йўриқнома талабларига риоя қилишлари шарт.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ходимлари фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси, раис ўринбосари ва бириктирилган судьяларнинг бевосита раҳбарлигида ишлайди.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ходимлари билан меҳнат шартномаси шаҳар суди раиси томонидан тузилади ва бекор қилинади.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ходимларининг интизомий жавобгарлиги масаласи фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси нормаларига мувофиқ ҳал қилинади.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ходимлари қоида тариқасида олий юридик маълумотга эга бўлишлари лозим.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификаторини тасдиқлаш тўғрисида”ги 181-сонли қарорига мувофиқ девонхона мудири, архив мудири, бош мутахассис, катта мутахассис, малака ҳайъати котиби, Раёсат котиби вазифаларига ишга қабул қилишда олий юридик маълумот талаб этилади. Хўжалик ишлари бўйича ходимларга олий ёки ўрта-махсус маълумотга эга бўлиш талаб қилинмайди, ҳайдовчи ва электрикларга эса ўрта-махсус, касб-ҳунар маълумот талаб этилади.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари, судьялар судда иш юритиш аҳволини мунтазам равишда (бир ойда бир марта) текшириб боришлари, натижаси ҳақида суд раисига ахборот беришлари, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўриш ҳақида суд раисига таклиф киритишлари шарт.
Суд раиси иш юзасидан зарурат бўлган ҳолларда суд ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлашга, шунингдек аниқ бир топшириқ ижросини ҳар қандай суд ходимига юклашга ҳақли.
 
Ходимларнинг хизмат вазифаларини белгилашда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раисининг 2011 йил 14 февралдаги “Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди бўлимларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш тўғрисида”ги 33-сонли фармойиши талаблари инобатга олинсин, хусусан, бир хил мақомда бўлган катта мутахассисларнинг ва айрим суд мажлиси котибларининг хизмат вазифалари юқоридаги фармойиш асосида мувофиқлаштирилсин.
 
1. Суд девонхонаси ва фуқароларни қабул қилиш бўлими
 
Суд девонхонаси ва фуқароларни қабул қилиш бўлими –
девонхона мудири, катта мутахассис ва мазкур бўлимга бириктирилган суд экспедицияси бўлими котибидан иборат таркибда фаолият юритади.
 
Девонхона мудири:
-    фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига келиб тушган корреспонденциялар (мурожаатлар, ҳужжатлар), шу жумладан фуқаролик ишларини мазмунига қараб тегишли китоблардан рўйхатдан ўтказилишини ва уларнинг ҳисоби юритилишини таъминлайди;
-      шаҳар судига келиб тушган корреспонденциялар, шу жумладан фуқаролик ишларини шаҳар суди раҳбариятининг кўрсатмасига асосан тегишлилиги бўйича бўлимларга топширади;
-   шаҳар судидан жўнатилаётган корреспонденциялар, фуқаролик ишларини тегишли бўлимлардан белгиланган тартибда қабул қилиб олинишини, китоб ва реестрлардан рўйхатдан ўтказиб, тегишли манзилларга жўнатилишини таъминлайди;
-     алоҳида назоратга олинган корреспонденцияларнинг ҳисобини олиб боради ва уларнинг ижроси тўғрисида шаҳар суди раҳбариятига маълумот бериб туради;
-     назоратдаги хат ва топшириқлар юзасидан назорат карточкаси юритади ва ўз вақтида бажарилиши бўйича суд раҳбариятига маълумотномалар тайёрлайди;
-     шаҳар суди рахбариятига судда иш юритиш, корреспонденцияларни қабул қилиш ва жўнатиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар киритади;
-     девонхона назоратига тааллуқли бўлган фуқароларнинг мурожаатларини алоҳида қайд китобидан рўйхатдан ўтказиб ижрочиларга тақсимлайди;
-     туманлараро (туман) судларига тегишлилигича кўриб чиқиш учун юборилган фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этилишини назорат қилиб боради;
-     шаҳар суди раҳбариятига шаҳар суди ходимлари томонидан ҳужжатларни расмийлаштиришнинг белгиланган тартиби, муддати ва ижро сифати бузилиши ҳолатлари тўғрисида ахборот беради ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритади;
-     девонхона иш фаолиятини режалаштиради ва белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида сифатли амалга оширилишини таъминлайди;
-     девонхона фаолияти юзасидан ҳисоботларни ўз вақтида сифатли тузилишини ҳамда ва суд статистикаси бўлимига топширилишини таъминлайди;
-     йиғма жилдларни номенклатурада белгиланган тартибда юритади;
-     суднинг бурчак тамғаси, бошқа муҳрларнинг сақланишини таъминлайди;
-     экспедиция ишларини ташкил қилади ва назоратини олиб боради;
-     шаҳар суди раҳбариятининг бошқа топшириқларини бажаради.
 
Катта мутахассис:
-     шаҳар суди раиси томонидан тасдиқланган жадвал бўйича қабулхонада фуқароларни қабул қилиш тартибига асосан фуқаролар қабулини ташкиллаштиради;
-     шаҳар суди қабулхонасига мурожаат этган фуқароларни ва уларнинг мурожаатлари қайд этилишини таъминлайди;
-     қабулга келган фуқаролар томонидан тақдим этилган ариза ва шикоятлар ҳамда уларга илова қилинган ҳужжатларни қабул қилиб, тегишли тартибда рўйхатдан ўтказиш учун девонхонага тақдим қилади;
-     шаҳар суди раҳбариятининг фуқароларни қабул қилишида иштирок этади;
-     фуқаролар қабули бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан тегишли ҳисоботларни тузиб, тақдим этади;
-     фуқаролардан келиб тушган ариза ва шикоятлар бўйича жавоб хатлари лойиҳаларини тайёрлайди;
-     шаҳар суди раҳбариятининг бошқа топшириқларини бажаради.
 
1.1. Экспедиция бўлими – девонхонанинг котиби:
 
Экспедиция бўлимининг котиби бевосита девонхона мудирига бўйсунади.
 
Экспедиция бўлимининг котиби:
-     судга келиб тушган конвертлар ва бандеролларни (шахсий корреспонденциялардан ташқари) очиб, уларда келган ҳужжатларнинг тўлиқлигини текширади. Агарда корреспонденциялар тўлиқ бўлмаса, бу ҳақда далолатнома тузади;
-     фельдсвязь орқали олиб келинган корреспонденцияларни қабул қилишда корреспонденциянинг конвертда кўрсатилган тартиб рақамини тилхатда кўрсатилган тартиб рақами билан солиштиради;
-     конвертни очганда конвертда кўрсатилган тартиб рақамини корреспонденцияда кўрсатилган тартиб рақами билан солиштиради;
-     корреспонденцияларни тегишли тартибда қайд этилгандан кейин девонхона бошлиғига топширади;
-     шаҳар судига келиб тушган фуқаролик ишларини тегишли қайд этиш китобларида рўйхатга олиб тегишлилигига қараб тарқатади;
-     қуйи судларга қайтарилаётган ёки кўриб чиқиш учун юборилаётган ишларни тегишинча қайд этиб жўнатилишини ташкил қилади;
-     шаҳар судидан жўнатилаётган корреспонденцияларни ўз вақтида конвертларга жойланиб, маркаланиб, тегишли китобларда қайд этилиб жўнатилишини таъминлайди;
-     шаҳар ичидаги ташкилот ва муассасаларга юборилаётган корреспонденцияларнинг етказиш учун хат ташувчига топширади;
-     келиб тушган ва жўнатилаётган корреспонденцияларни тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлайди;
-     иш юритилиши тугалланган ҳужжатларни тегишлича расмийлаштирилишини ва архивга топширилишини таъминлайди;
-     шаҳар суди бўлимлари томонидан тайёрланган корреспонденцияларни жўнатишлик учун қабул қилиб олади;
-     корреспонденцияларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиб конверт ва бандеролларга жойлаб тегишли манзилларга юборишга тайёрлайди;
-     жўнатишга тайёрланган корреспонденцияларни (хатлар, суд ишлари ва бошқа ҳужжатлар) маркалаб, реестр тузиб, уларни алоқа бўлимига топширади;
-     шаҳар судида иш юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқномада кўрсатилган ҳужжатларни кўпайтириш ва нусха кўчириш тартиби қоидаларига риоя қилади;
-     шаҳар суди раҳбариятининг бошқа топшириқларини бажаради.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди девонхонаси ходимлари – девонхона мудири, катта мутахассис ва экспедиция бўлими котиби ўз хизмат вазифаларини амалга ошириши муносабати билан уларга бириктирилган барча моддий-техника воситаларидан (компьютер, мебеллар ва бошқа) эҳтиёткорлик билан фойдаланишлари лозимлиги ва уларнинг бутлиги ҳамда яроқлилиги учун жавобгар эканликлари белгилансин.
 
2. Биринчи инстанция, апелляция ва кассация бўлими:
 
Биринчи инстанция, апелляция ва кассация бўлими - бўлим учун масъул бўлган бир нафар катта мутахассис ва бир нафар суд мажлиси котибидан иборат таркибда фаолият юритади.
 
Бўлим катта мутахассиси:
-     бўлимнинг иш фаолиятини режалаштиради ва иш режаларининг ўз вақтида сифатли бажарилиши чораларини кўради;
-     бўлимга биринчи инстанция, апелляция ва кассация тартибида кўриш учун келиб тушган фуқаролик ишларини қабул қилиб, тегишлича расмийлаштиради, ҳисобот варақалари юритади ва алфавит китобидан рўйхатдан ўтказади;
-     судлов ҳайъатида кўриладиган ишларнинг рўйхатини тузади ва уларни белгиланган жойга илиб қўяди;
-     судлов ҳайъатида иштирок этувчи томонларга протест нусхаларининг юборилиши ҳамда ишни кўриш вақти ҳақида хабар қилинишини назорат қилади;
-     судлов ҳайьати мажлисини ўтказилишини ташкилий таъминлайди;
-     судлов ҳайъатида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари ва ажримларнинг ижрога қаратилишини таъминлайди;
-     фуқаролик ишлари юзасидан қабул қилинган қарор ва ажримларнинг тегишлилигига қараб тарафларга топширилишини таъминлайди;
-     қуйи судларга фуқаролик ишларини кўриб чиқиш учун юборилишини назорат қилади;
-     биринчи инстанцияда кўрилган ишларни архивга топширишга тайёрлайди;
-     судлов ҳайъатида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган хусусий ажримларнинг юборилишини ва улар юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар келишини назорат қилади;
-     биринчи инстанция, апелляция ва кассация ва тартибида кўрилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тузиб, суд статистикаси бўлимига топширади;
-     судлов ҳайъатидаги судьялар ва суд мажлиси котибларининг иш ҳажми ва сифати юзасидан маълумотнома тузиб, суд раисига тақдим этади;
-     бўлимдаги йиғма жилдларни номенклатурада белгиланган тартибда юритади;
-     шаҳар суди раҳбариятининг бошқа топшириқларини бажаради.
 
Бўлим котиби:
-     бўлимга келиб тушиб, ҳисобот варақалари юритилган ва рўйхатга олинган ишларни маърузачи судьяларга тегишли китоблардан рўйхатдан ўтказиб тарқатади;
-     судлов ҳайъатида иштирок этувчи томонларга иш кўриладиган кун ҳақида протест нусхаларини юбориш орқали хабар қилади;
-     ажрим ва протестлар нусхаларини кўпайтиради;
-     судлов ҳайъатида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган ажримларни тегишли тартибда расмийлаштириб, уларни тегишлилиги бўйича ижросини таъминлаш учун хатлар лойиҳасини тайёрлайди;
-     қуйи судларга кўриб чиқиш учун юбориладиган суд ишларини экспедицияга топширади;
-     судлов ҳайъатида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган хусусий ажримларнинг юборилишни таъминлайди;
-     йил якунланганидан сўнг бўлимдаги йиғма жилдларни тикиб, рўйхатини тузиб шаҳар суди архивига топширишга тайёрлайди.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биринчи инстанция, апелляция ва кассация бўлими ходимлари ўз хизмат вазифаларини амалга ошириши муносабати билан уларга бириктирилган барча моддий-техника воситаларидан (компьютер, мебеллар ва бошқа) эҳтиёткорлик билан фойдаланишлари лозимлиги ва уларнинг бутлиги ҳамда яроқлилиги учун жавобгар эканликлари белгилансин.
 
3. Назорат бўлими
 
Назорат бўлими - бўлим учун масъул бўлган бир нафар катта мутахассис ва бир нафар суд мажлиси котибидан иборат таркибда фаолият юритади.
 
Бўлим ходимлари:
-     бўлимнинг иш фаолиятини режалаштиради ва иш режаларининг ўз вақтида сифатли бажарилиши чораларини кўради;
-     бўлим ваколатига кирувчи масалалар бўйича раҳбариятга маъруза қилади;
-     бўлимга келиб тушган фуқароларнинг ариза ва шикоятларини рўйхатдан ўтказади ва шаҳар суди раисига тақсимлаш учун олиб киради;
-     бўлимга келиб тушган ариза ва шикоятлар бўйича илгари ҳам шу масалада шаҳар судига мурожаат этилган-этилмаганлигини аниқлаш учун кейинги уч йиллик картотека ва алфавит китоблари орқали текшириб чиқади ҳамда мурожаати илгари ҳам шаҳар судида кўрилган фуқароларнинг шикоятига назорат ишини илова қилиб раисга тақдим этади;
-     бўлимга келиб тушган ариза ва шикоятларни тегишли картотека ҳамда алфавит китобларда белгиланган тартибда қайд этади;
-     белгиланган тартибда қайд этилган биринчи марта келиб тушган ариза ва шикоятлар бўйича назорат иши очиб, такрорийларига эса илгари очилган назорат ишини қўшиб, ижрочиларга тақсимлаш учун раисга тақдим этади;
-     рўйхатдан ўтказилган ҳамда ҳал этиш учун тақсимланган ариза ва шикоятларни судьяларга топширади;
-     назоратдаги ариза ва шикоятларни ўз муддатида ижро этилишини кузатади ва раҳбариятга маълумот бериб боради;
-     шаҳар суди ваколатига кирмайдиган масалалар юзасидан мурожаатларни тегишли давлат органлари ва бошқа органларга кўриб чиқишлик учун юбориш чораларини кўради;
-     назорат тартибидаги шикоятлар ва ишларнинг суд раёсатида кўрилишига оид ҳисоботларни тузиб, суд статистикаси бўлимига топширади;
-     ариза ва шикоятларни ўз вақтида топширилиши юзасидан назоратни олиб боради;
-     ижро қилинган аризага берилган жавоб ва қайтарилаётган ҳужжатларни тегишлилиги жўнатиш учун экспедиция бўлимига топширади;
-     зарур ҳолларда қайтарилаётган ҳужжатлардан нусха олиб ва назорат ишини тикиб, ҳужжатлар рўйхатини тузади;
-     фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раёсатига келиб тушган суд ишлари ва бошқа ҳужжатларни тегишли тартибда қайд этади;
-     протест билан раёсатда кўриш учун келиб тушган фуқаролик ишларининг рўйхатини тузиб, суд раҳбариятига тақдим этади, раёсат аъзолари ва прокурорга рўйхат ва протест нусхаларини топширади;
-     шаҳар суди раҳбариятининг топшириғига кўра суд ишларини ва раёсатга тааллуқли бошқа ҳужжатларни ижрочиларга етказади;
-     раёсат мажлисларини ташкилий техник жиҳатдан таъминлайди;
-     шаҳар суди раисининг топшириғига кўра, раёсат мажлиси кун тартибини тайёрлайди;
-     раёсатнинг мажлиси баённомасини олиб боради;
-     фуқаролик ишлари бўйича раёсат қарорларини ижро этиш учун юборади ва уларнинг ижросини назорат қилади;
-     раёсатда кўрилган фуқаролик ишлари бўйича қабул қилинган қарорлар тўғрисида манфаатдор шахсларга хабар қилади ва уларга раёсат қарорининг нусхасини юборади;
-     раёсатда кўрилган суд ишларини чиқарилган суд қарорлари билан ижро қилиш учун девонхонага топширади;
-     раёсатда умумий масалалар бўйича чиқарилган қарорларнинг белгиланган муддатларда ижрочи томонидан бажарилишини таъминлайди, бу ҳақдаги маълумотномаларни суд раҳбариятига тақдим этиб боради;
-     бўлимга тегишли бўлган йиғмажилд, китоб ва назорат ишларини юритади ва уларнинг тўғри ва тўлиқ сақланишини таъминлайди;
-     шаҳар суди раисининг бошқа топшириқларини бажаради.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди назорат бўлими ходимлари ўз хизмат вазифаларини амалга ошириши муносабати билан уларга бириктирилган барча моддий-техника воситаларидан (компьютер, мебеллар ва бошқа) эҳтиёткорлик билан фойдаланишлари лозимлиги ва уларнинг бутлиги ҳамда яроқлилиги учун жавобгар эканликлари белгилансин.
 
4. Суд статистикаси бўлими
 
Бўлим – бош мутахассис ва бир нафар суд мажлиси котибидан иборат таркибда фаолият юритади.
 
Бош мутахассис:
-     бўлим фаолиятини режалаштиради ва иш режасига киритилган тадбирларнинг ўз вақтида сифатли ижро этилишини таъминлайди;
-     суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлил этиш ишларини янада такомиллаштириш юзасидан зарур тадбирларни амалга оширади ҳамда бу масала юзасидан шаҳар суди раҳбариятига таклифлар киритади;
-     суд статистикаси ҳисобот шаклларини ишлаб чиқишни ташкил этади ва тайёрланган шаклларни тасдиқлаш учун шаҳар суди раҳбариятига тақдим этади;
-     суд статистикаси ҳисоботларини тузиш электрон дастурларини ишлаб чиқади ва уларни такомиллаштириш чораларини кўради;
-     туманлараро судларига суд статистикаси ва таҳлилий ишларни олиб боришда амалий ёрдам кўрсатишни ташкил этади;