Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъатининг Котибияти тўғрисида низом

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг
2015 йил 12 мартдаги 
РС-10-15-сонли қарори билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъатининг
Котибияти тўғрисида
НИЗОМ
 
I.    Умумий қоидалар
 
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 
4 октябрдаги ПФ-4570-сонли Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган вау Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати Котибиятининг фаолиятини тартибга солади.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати Котибияти таркибига инспекторлар гуруҳи ва Махфий бўлим киради.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати Котибияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қонун ҳужжатларига,ушбу Низомга, ҳарбий хизматни ўташни тартибга солувчи Низомлар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятининг кўрсатмаларига амал қилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати Котибияти (кейинги матнда - Котибият) ходимлари билан меҳнат шартномаси Олий суд раиси томонидан тузилади ва бекор қилинади.
5. Котибият ходимларининг интизомий жавобгарлик масаласи Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва ҳарбий интизомни бузганлиги учун ҳарбий хизматни ўташни тартибга солувчи Низомларга мувофиқ ҳал қилинади.
6. Котибият, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари-Ҳарбий ҳайъат раисига бўйсунади ва унга Бош инспектор раҳбарлик қилади.
 
II.   Котибиятнинг вазифалари
 
7. Котибиятнинг вазифалари:
 
-        Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъатига келиб тушган корреспонденцияларни (мурожаатлар, ҳужжатлар) тегишли китоблар рўйхатидан ўтказиб, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда Олий суд раҳбариятига топшириш;
-        жўнатилаётган корреспонденциялар, фуқаролик ва жиноят ишларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиб тегишли манзилларга жўнатиш;
-        биринчи, апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш учун келиб тушган фуқаролик ҳамда жиноят ишларини тегишли китобдан рўйхатдан ўтказиб, Олий суд раҳбариятининг резолюциясига асосан уларни ижрочиларга топшириш;
-        Ҳарбий ҳайъатнинг амалга оширган фаолияти юзасидан ҳисобот юритиш;
-        Ҳарбий ҳайъат судьялари ва ходимларининг иш ҳажми ҳамда иш сифати тўғрисида маълумотлар тузиш;
-        Олий суд ва Ҳарбий ҳайъат раисининг фармойиш ҳамда буйруқлари ижросини таъминлаш;
-        Ҳарбий ҳайъат судьялари ва бошқа ходимларига зарур меҳнат, маиший шароит яратиб бериш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;
-        Ходимлар ўзига берилган ишлар (шикоят ва ариза) юзасидан назорат карточкалари юритиш, улар бўйича жавоб хатларини жўнатиш учун экспедицияга топшириш;
-        Ҳарбий ҳайъатда иш юритишни “Ҳарбий ҳайъатда иш юритиш тўғрисидаги Йўриқнома” асосида юритилишини таъминлаш;
-        Ҳарбий ҳайъатда ишларни ва фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўрилишини таъминлаш;
-        Ҳарбий ҳайъат ходимларининг хизмат ва меҳнат интизомига риоя этилишини таъминлаш;
-        қонунчиликка мувофиқ, бошқа вазифаларни амалга ошириш;
 
III. Котибият фаолиятини ташкил этиш
8. Котибият: Бош инспектор, Котибият бошлиғи, катта инспектор, Махфий бўлим бошлиғидан иборат;
 
Котибиятга бош инспектор раҳбарлик қилади, бош инспектор бўлмаганда унинг вазифаларини Котибият бошлиғи бажаради.
 
IV. Котибият ходимларининг вазифалари
 
9.Бош инспектор:
-        Ҳарбий ҳайъат инспекторлар гуруҳига раҳбарлик қилади;
-        назорат тартибида келиб тушган ишларни (шикоят ва аризалар) ўрганади, улар юзасидан тегишли ҳужжатлар (протест ёки хулоса) лойиҳасини тайёрлайди;
-        Котибият ходимларининг малака ошириш ишларини ташкил этади ва ходимларининг меҳнат интизомига риоя этишларини назорат қилади;
-        Ҳарбий ҳайъат томонидан кўрилган ишлар бўйича суд қарорларининг ижросини назорат қилади.
-        суд амалиётини ўрганиш натижалари юзасидан ҳарбий судларга берилган тавсияларни бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
-        суд амалиётини умумлаштириш ишларини амалга оширишда иштирок этади;
-        қонунларни мужассамлаштириш ва туркумлаштириш (кодификация) ишларини ва берилган адабиётлар ҳисобини олиб боради;
-        Ҳарбий ҳайъатнинг барча суд инстанцияларида ишларни кўрилишида суд мажлиси котиби сифатида иштирок этади;
-        Ҳарбий ҳайъат раҳбариятининг бошқа топшириқларини бажаради.
 
10. Котибият бошлиғи:
-        Котибият ишини ташкил этади;
-        Котибият иш фаолиятини режалаштиради ва иш режаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш чораларини кўради;
-        Ҳарбий ҳайъат буйруқлар китобини юритади, хизмат сафарлари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиради, меҳнат таътили жадвалини тузади ва тасдиқлаш учун Ҳарбий ҳайъат раисига тақдим этади;
-        Ҳарбий ҳайъатга келиб тушган суд ишлари, хатлар, шикоят ва аризалар, далилий ашёлар ҳамда бошқа ҳужжатларни қайд этиш, ижрочиларга етказиш, шунингдек уларни сақлаш билан боғлиқ ишларини ташкил этади;
-        Ҳарбий ҳайъатга келиб тушган барча турдаги номахфий ҳужжатларни алфавит китобларида рўйхатдан ўтказиб, Ҳарбий ҳайъат раисининг резолюциясига асосан ҳужжатларни ижрочиларга тарқатилишини таъминлайди;
-        келиб тушган барча ариза ва шикоятларни ҳисоб варақаси бўйича текшириб, шикоятнинг такрорий ёки биринчи марта берилаётганини аниқлайди;
-        ҳар ўн беш кунда бир марта Ҳарбий ҳайъат раисига судьялар ва бошқа ходимларнинг иш юритувида бўлган ижро қилинмаган ҳужжатлар рўйхатини тақдим этади;
-        статистик ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этилишини ўз вақтида тўғри бажарилишини назорат қилади;
-        Ҳарбий ҳайъат шахсий таркиби бўйича буйруқлар, ҳисоботлар ва бошқа маълумотлар тайёрлайди;
-        Ҳарбий ҳайъатнинг барча суд инстанцияларида ишларни кўрилишида суд мажлиси котиби сифатида иштирок этади;
-        назорат тартибида келиб тушган ишларни (шикоят ва аризалар) ўрганади, улар юзасидан тегишли ҳужжатлар (протест ёки хулоса) лойиҳасини тайёрлайди;
-        Ҳарбий ҳайъатга фойдаланиш учун берилган моддий ашёлар ва мулкнинг (ТМБ) ҳисобини олиб боради;
-        Ҳарбий ҳайъат судьялари ва бошқа ходимларига зарур меҳнат, маиший шароит яратиб бериш билан боғлиқ ишларни ташкил этади;
-        далилий ашёларни сақланишини таъминлайди;
-        Ҳарбий ҳайъат ихтиёрида мавжуд бўлган автомашиналарга йўл варақаларини юритишни, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг сарфланишини назорат қилади;
-        Ҳарбий ҳайъат штат бирлигига мувофиқ ойлик маош тарқатиш ва бухгалтерия ишларини олиб боради.
 
11.Катта инспектор:
-        суд амалиётини ўрганиш ва умумлаштиришда иштирок этади;
-        Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар томонидан тайёрланган суд амалиёти умумлаштиришларини ўрганади, натижаси бўйича Ҳарбий ҳайъат раисига таклифлар киритади;
-        назорат тартибида келиб тушган ишларни (шикоят ва аризалар) ўрганади, улар юзасидан тегишли ҳужжатлар (протест ёки хулоса) лойиҳасини тайёрлайди;
-        Ҳарбий ҳайъатнинг барча суд инстанцияларида ишларни кўрилишида суд мажлиси котиби сифатида иштирок этади;
-        Ҳарбий ҳайъат раиси қабулхонасидаги ишларини ташкил қилади;
-        Ҳарбий ҳайъат раиси ҳузуридаги тезкор йиғилишлар баённомаларини олиб боради;
-        Ҳарбий ҳайъат раисининг бошқа топшириқларини бажаради.
 
12. Махфий бўлими бошлиғи:
-        бевосита Ҳарбий ҳайъат раисига бўйсунади;
-        Ҳарбий ҳайъатга келиб тушган барча турдаги махфий ва ўта махфий ҳужжатларни қабул қилади, уларнинг ҳисобини олиб боради, сақланишини таъминлайди ҳамда Ҳарбий ҳайъатда тайёрланган махфий ҳужжатларни тегишли манзилларга жўнатади;
-        Ходимларнинг махфий ва ўта махфий ҳужжатлар билан ишлаш учун (допуск) рухсатномаларни расмийлаштиради ҳамда тегишли идораларга юборади;
-        Ҳарбий ҳайъатнинг барча суд инстанцияларида ишларни кўрилишида суд мажлиси котиби сифатида иштирок этади;
-        сейфлар ва уларнинг калитлари, ижрочиларнинг иш дафтарлари, муҳрлар ва штамплар ҳисобини олиб боради ҳамда уларнинг сақланишини таъминлайди;
-        ҳисобот даврида Ҳарбий ҳайъат бўйича тегишли статистик ҳисоботлар тузади ва ҳайъат раисига тақдим қилади;
-        ҳарбий хизматчиларнинг шахсий ишини расмийлаштиради, уларнинг ҳисобини олиб боради;
-        Ҳарбий ҳайъат архив ишини юритади;
-        Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майдаги Давлат сири тўғрисидаги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 5 майдаги 239-33-сонли «Ўзбекистон Республикасида махфийлик режимини сақлаш бўйича Йўриқнома» ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг 1999 йил 22 апрелдаги 010-сонли буйруғи билан амалга киритилган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида давлат сирларини сақлаш бўйича Йўриқнома»да белгиланган бошқа ишларни амалга оширади.
 
13. Ҳарбий ҳайъат ҳайдовчиси:
-        Ҳарбий ҳайъат раиси, унинг ўринбосари, Котибият бошлиғининг кўрсатмасига кўра автомашиналардан фақат хизмат доирасида фойдаланади;
-        бошқариш учун бириктирилган хизмат автомашинасини техник жиҳатдан созлигини ва тозалигини таъминлайди, белгиланган муддатда техник кўрикдан ўтказиб туради;
-        автомашиналарга бериладиган йўл варақаларини ёзиб, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг ҳисобини олиб боради;
-        корреспонденцияни етказиш ва шахсий таркибни, шунингдек, моддий-техник таъминот бўйича вазифаларни бажариш учун белгиланган шахсларни ташишни таъминлайди;
-        иш фаолиятига оид Ҳарбий ҳайъат раиси ва ўринбосарининг бошқа топшириқларини бажаради.