E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ТАДБИРКОРЛИК ҚИНҒИРЛИКНИ ЁҚТИРМАЙДИ

14.09.2018

Мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 15 ноябрда мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада ғоят муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари кўрсатмалари асосида ўтган даврда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, туманлар кесимида жиноятларнинг олдини олиш борасида алоҳида чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Маҳалла ва ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, оқсоқоллар, маҳалла фаоллари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, психологлар, участка нозирларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

Эндиликда ишчи гуруҳ аъзолари ҳар куни маҳаллалардаги кам таъминланган, имконияти чекланган аъзоси бор, нотинч оилалар ва жазони ўтаб қайтган фуқаролар хонадонларига бирма-бир кириб, уларнинг муаммоларини чуқур ўрганмоқда. Бошқача айтганда, юртимизда аҳолининг тинч-осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, бошқа ҳаётий муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича том маънода кенг кўламли саъй-ҳаракатлар бошланди.

Энг муҳими, бу борада яратилган янги тизим ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди томонидан “Йўл харитаси” бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида сайёр учрашув ва сайёр судлар ўтказилмоқда.

Халқ билан очиқ мулоқотларда кўрилган жиноят ишлари кенг омма муҳокамасига қўйилиб, келгусида бундай жиноий қилмишларнинг олдини олиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Табиийки, бу ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Статистик маълумотларга қараганда, жиноят ишлари бўйича Косонсой тумани суди томонидан 2017 йилнинг 6 ойида 131 нафар шахсга нисбатан 107 та иш кўрилиб, 74 та иш бўйича 97 нафар шахсга айблов ҳукми чиқарилган бўлса, 34 нафар шахсга нисбатан 33 та иш томонларнинг ярашиб олганлиги муносабати билан юритувдан тугатилган.

Жорий йилнинг шу даврида эса 116 нафар шахсга нисбатан 88 та жиноят иши мазмунан кўриб тамомланиб, 105 нафар шахсга нисбатан 77 та жиноят иши айблов ҳукми билан, 11 нафар шахсга нисбатан 11 та жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди.

Рақамлар қиёсидан ҳам кўриниб турибдики, туманимизда жиноятчилик ўтган йилга нисбатан 19 тага камайган. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, суд тизими ва кенг жамоатчилик ҳамкорлиги самара бераётганидан яққол далолатдир.

Шу ўринда ҳаётий бир мисол: А. Маҳамадумаров ва Ю. Домлажонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) биргаликда тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилади. Улар шу мақсадда Ю. Домлажонов номига Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона дарча маркази»дан 2016 йил 5 июлда якка тартибдаги тадбиркор сифатида эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш фаолият тури бўйича рўйхатдан ўтиб, амал қилиш муддати 2018 йил 30 июлга қадар бўлган гувоҳнома олади.

Аммо А. Маҳамадумаров ва Ю. Домлажонов белгиланган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмай, осон йўл билан пул топишни кўзлайди. Яъни чет эл капитали иштирокидаги “Савдогар банк”нинг Наманган вилоят филиалида очилган жорий ҳисоб рақами орқали 2 883 789 500 сўмлик улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириб, пул кўчириш йўли билан олинган маҳсулотларни белгиланмаган жойларда нақд пулга сотиб, пулларни банкка кирим қилмайдилар.

Уларнинг қилмишлари фош бўлганда, жиноятни яшириш учун якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти юзасидан ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган, қатъий ҳисобда бўлган бухгалтерия бош китоби, айланма китоблар, ишонч қоғозларини юритиш китоби, касса китоби, буюртмачи ва харидорлар билан ҳисоб-китоблар, дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисидаги журналларни ва бухгалтерия ҳисоботи ҳужжатларини терговга тақдим этмасдан, йўқ қилиб юборишади.

Бундан ташқари, А. Маҳамадумаров ва Ю. Домлажонов биржа савдоларида қатнашиш, цемент маҳсулотларини сотиб олиш, уларни сотиш ҳуқуқига эга бўлиш орқали ноқонуний даромад топиш ва мулкий манфаат кўриш мақсадида Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона дарча маркази” томонидан берилган гувоҳномада кўрсатилган тадбиркорлик фаолияти турига — компьютердан фойдаланган ҳолда, “чакана савдо” фаолият турини қўшиб қўйишган.

Содда қилиб айтганда, А. Маҳамадумаров ва Ю. Домлажонов расмий ҳужжатларга сохта ёзув ва маълумотлар киритган. Улар ушбу қалбаки ҳужжатларни товар-хомашё биржаси ва банк муассасасига тақдим этиб, ундан фойдаланиб келганлар.

Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган текшириш жараёнида “Якка тартибдаги тадбиркор”нинг даромад солиғидан 225 400 сўм, суғурта бадалидан 149 800 сўм, жами 375 200 сўм ортиқча тўловлар мавжудлиги аниқланган. Бу ўринда текшириш жараёнида тадбиркор томонидан бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари тақдим этилмаганига ҳам эътибор қаратишга тўғри келади.

Шунингдек, текшириш чоғида тадбиркор томонидан пул кўчириш йўли билан сотиб олинган маҳсулотларни сотишдан тушган 2 751 313 800 сўм нақд пул маблағлари назорат-касса машинасига кирим қилинмагани ва банк муассасасига топширилмагани аниқланди. Шу боис Давлат солиқ инспекцияси “Якка тартибдаги тадбиркор”га молиявий жарима тайинлаб, иқтисодий судга даъво аризаси киритган. Аммо улар жаримани тўлашдан бўйин товлашади.

Шундан сўнг ҳолат юзасидан прокуратурага мурожаат қилинди. Тергов ва суриштирув ишлари натижасида А. Маҳамадумаров ва Ю. Домлажонов Жиноят кодексининг 179-моддаси, 189-моддаси, 227-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этгани аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Косонсой тумани суди ушбу жиноят ишини атрофлича кўриб чиқиб, А. Маҳамадумаров ва Ю. Домлажоновнинг қилмишларига яраша жазо тайинлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар йилдан-йилга жадаллашмоқда. Бу борадаги тизимли ислоҳотлар самарасини биргина кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва преференциялар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Яна бир эътиборли томони шуки, юртимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида юридик шахс ташкил этмасдан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтаётган ишбилармонлар сафи ортмоқда. Барча туманлар ҳокимликлари қошида “Ягона дарча” хизмати ташкил этилган. Тадбиркор бўлишни истаган фуқаролар ўзлари ташкил этаётган корхонани рўйхатдан ўтказиш учун ушбу хизматга мурожаат қилмоқда.

Маълумки, ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг жадал суръатлар билан ривожланиши унинг таркибидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улушининг салмоғи билан белгиланади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг кўпайиши, ўз навбатида, яратилган ишбилармонлик муҳитига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўз навбатида, ҳар бир фуқаро бу кенг ва қулай имкониятлардан қинғир йўл билан даромад орттириш учун эмас, балки қонуний йўл билан ўзи бой бўлиши ҳамда мамлакатимиз иқтисодини ривожлантириш йўлида фойдаланиши мақсадга мувофиқдир.


Элдор Тожибоев,
жиноят ишлари бўйича
Косонсой тумани судининг раиси

(“Adolat” газетаси,
2018 йил 14 сентябрь)