E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

БИЛМАЙИН БОСДИМ ТИКОННИ...

13.09.2018

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди томонидан қилмишидан чин пушаймон бўлган “Ҳизбут таҳрир” диний экстремистик ташкилоти аъзосига озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

2012 йилнинг декабрь ойи охирларида Ўзбекистон Республикасида тақиқланган “Ҳизбут таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг фаол аъзоси “мушриф” лавозимига тайинланган А. Мўминов Олтиариқ туманида “ҳизбий ҳалқа” гуруҳи ташкил қилиб, унга танишлари судланувчи Р. Абдусатторов, А. Мавлонов, А. Якубов, А. Мирзараҳмонов ва Н. Маматхолиқовларни аъзо қилган ва уларга “Ҳизбут таҳрир” диний экстремистик оқим ғоялари бўйича сабоқ бериб келган.

“Ҳизбий ҳалқа” аъзолари судланувчи Р. Абдусатторов, А. Мавлонов ва А. Якубовлар билан бир гуруҳ бўлгани ҳолда, яшаш хонадонларидаги йиғинларда қатнашиб, тақиқланган “Ҳизбут таҳрир” диний экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этиб келган.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг судьяси Т. Ваҳобов томонидан кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судланувчи Раҳматуллоҳ Абдусатторов айбига иқрор бўлиб, А. Мўминов томонидан у ва бошқа шерикларига “Ҳизбут таҳрир” диний экстремистик ташкилот фаолияти бўйича диний маъруза қилиниб, ушбу оқимга даъват қилаётганини билган бўлса-да, бу ҳақда тегишли идораларга хабар бермаганлиги, ҳозирда ушбу ташкилот ғоялари Ўзбекистонда нотинчлик чиқаришга қаратилгани ва Ислом динига зид эканлигини тушуниб етгани, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб кўрсатув берди.

Суд мажлиси давомида гувоҳларнинг, судланувчи истиқомат қилган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кўрсатувлари тингланиб, судланувчи Р. Абдусатторовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-2-моддасининг 1-қисми билан Жиноят кодекси 57-моддаси қўлланиб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Р. Абдусатторовга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан қамоқдан озод қилинди.

Суд томонидан Р. Абдусатторовга жазо тайинлашда, унинг шахси, ёшлиги, муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, яшаш жойи Олтиариқ тумани “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан унга нисбатан кафолат хати берилгани жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳоланиб, унга нисбатан у айбланаётган модда санкциясида назарда тутилган озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг раислик этувчи томонидан тарафларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатлари, шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси ҳақида тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, ушбу жиноятнинг содир этилиш сабаблари кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Суд содир этилган жиноятнинг сабабини ва унинг содир этилишига имкон берган шароитларни бартараф қилиш юзасидан Олтиариқ тумани ҳокимлигига хусусий ажрим чиқарди.

Йўлдан адашган бу йигитга яна бир имкон берилди. Энди у бундан тўғри хулоса чиқарса бўлгани?


ЎзА