E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СУДЬЯЛАР АҲОЛИ БИЛАН УЧРАШДИ

05.07.2018

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан сайёр учрашув ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари, кенг жамоатчилик вакиллари ходимлари иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ҳамда 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан судлар томонидан қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан Тошкент шаҳар жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раисларининг 2018 йилда ўтказиладиган сайёр учрашувлар жадвали тасдиқланган.

Учрашувда судьялар йиғилганларга судлар фаолияти, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

– Бундай юзма-юз мулоқотлар аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш, айни пайтда уларнинг муаммоларини ҳал этишга ҳуқуқий йўл кўрсатишга хизмат қилади, – дейди Жиноят ишлари Мирзо Улуғбек тумани суди раиси Ёқутхон Ҳайдарова. – Чунки Тошкент шаҳар жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари учрашувнинг ўзидаёқ аҳолининг муаммоларини ҳал этишга киришяпти. Бу қайсидир маънода аҳоли билан судьяларнинг яқинлашувига олиб келяпти ва жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қиляпти.


ЎзА