E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

КЎЗА КУНИДА СИНДИ...

13.06.2018

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани судида ўтказилган очиқ суд мажлисида Юнусобод туманида яшовчи А. Ғ. ва Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи У. Б. нинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Муқаддам судланмаган А. Ғ. жорий йил 14 январь куни дўстларининг олдига бориш мақсадида бир танишининг машинасини сўраб олади.

Автоуловни ҳайдовчилик ҳужжатларсиз Тошкент шаҳар Олмазор туманида бошқариб кетаётганда “Мароқанд” тўйхонасининг қаршисида пиёдалар З. Р. ва М. С. ни бехосдан уриб юборган. Уларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб борилаётганда вафот этган.

А. Ғ. суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлди.

Суд айбига тўлиқ иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, қонуний вакилларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан 3 йил транспорт воситасини бошқаришни тақиқлаб, 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Суд мажлисида айбланувчи У. Б. нинг ҳам жиноят иши кўриб чиқилди. У илгари муқаддам судланганидан тўғри хулоса чиқармай енгил даромад топиш мақсадида яна жиноят кўчасига кирди. Бошқа шахслар билан тил бириктириб, одам савдоси билан шуғулланди.

У. Б. Тошкент шаҳрида С. Т., М. Ғ. билан танишади. Уларни фоҳишалик билан шуғулланишига кўндириб, Олмаота халқаро аэропорти орқали Туркияга жўнатиб юборган. У ерда одам савдоси қурбонларини Ш. исмли аёл ва бошқалар қўрқитиб, фоҳишаликка мажбурлаган.

Айбланувчи У. Б. бошқа қизларни ҳам Туркияга юбормоқчи бўлганда ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Судланувчи суд мажлисида қилмишидан пушаймон ҳолда, айбига тўлиқ иқрор бўлди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


ЎзА