E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

Е-SUD АХБОРОТ ТИЗИМИНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?

11.06.2018

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Ромитан туманлараро судида Е-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими орқали фуқароларга кўрсатилаётган интерактив хизматлар, ушбу механизм фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг маъмури ўринбосари Х. Пьедра, агентликнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий миссияси директори К. Эдвардслардан иборат делегация аъзоларининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилган ушбу тадбирда халқаро экспертлар, судьялар, адвокатлик бюроси вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, USAID ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида жорий этилган Е-SUD ахборот тизими соҳа фаолиятида шаффофликни таъминлашга хизмат қилаётир.

Мазкур тизим ўтган йилдан эътиборан фуқаролик ишлари бўйича барча туманлараро, шаҳар ҳамда туман судида татбиқ этилиб, бунгача соҳа мутахассислари учун электрон судлов тизимидан фойдаланиш бўйича махсус ўқув тренинглар ташкил этилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида судимизга электрон кўринишдаги 1 490 га яқин ариза ва даво аризалари келиб тушди. Янги тизимнинг амалда қўлланилиши натижасида судга мурожаат қилиш учун кетадиган вақт қисқарди, ортиқча қоғозбозликларга чек қўйилди. Эндиликда узоқ масофани босиб ўтиш, турнақатор навбатда туришга ҳожат йўқ. Қолаверса, суд ишининг ҳолатини, яъни қарор чиқарилгани ёки ишнинг кўриб чиқилаётганини онлайн тарзда кузатиб бориш имконияти мавжуд, — дейди фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси Жамол Чориев.

Тадбир доирасида қўшма лойиҳа асосида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида чоп этилган адабиётлар тақдимоти ҳам ўтказилди. Якунда соҳага истиқболли ишланмаларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.