E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ИНСТИТУТГА 3 МИНГ ДОЛЛАР БИЛАН ЎҚИШГА КИРИШ БИР ҚАРАШДА ҚУЛАЙРОҚ ТУЮЛДИ. ОҚИБАТДА...

12.06.2018

Шу кунларда кўплаб ёшлар олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш арафасида. Улар учун бу катта ҳаёт олдидаги муҳим синовдир. Айримлар учун эса ўзига хос “мавсум” ҳисобланади.

Аниқроқ айтганда, айрим фирибгарликни касб қилган кимсалар ўқишга киритиш баҳонасида содда одамларнинг пулини "шилиш" пайида бўлади.

Ўтган йили ёзда Муҳаббат опа қизи билан олий ўқув юртига топшириладиган ҳужжатларни тўғрилаб юрганида бир одам билан танишиб қолди. Аёлнинг ниятини билган Шамсиддин унга беминнат ёрдам беришини айтади.

Аввалига сал иккиланган аёлга олий ўқув юртига 3 минг доллар билан кириш бир қарашда қулайроқ туюлди ва ҳожатбарор йигитнинг этагидан маҳкам тутди.

Шу тариқа Тошкент давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга киритиб қўйиш “операцияси” бошланди. Шамсиддин шу таълим даргоҳида ишлайдиган курсдошига қўнғироқ қилиб, Муҳаббат опага қизининг ҳужжатларини топширишда кўмаклашишни сўрайди. Институтга келгач эса, табиийки, уларнинг иши осонгина битади. Аёл эса бундан хурсанд бўлиб, шу ерда ишласа ўқишга киритади-да, деб унга ишона бошлади.

Чунки таниши ишни курсдоши орқали битиришини айтиб қўйганди.

Тошкентдан уйга қайтган аёл таниш-билишларидан қарз кўтариб, Шамсиддинга 2,5 минг доллар топиб берди.

Бу орада тест синовлари ўтиб, сал ўтмай унинг жавоблари ҳам эълон қилинди. Шамсиддин шу куни аёлга қўнғироқ қилиб, “қўйни сўйинг опа, қизингиз ўқишга кирди”, деб суюнчи ҳам сўради.

Аёлнинг оиласида хурсандчилик бошланган ҳамоно абитуриент қиз телефон орқали Давлат тест маркази базасига сўровнома юбориб кўради.

Афсуски, у ердан рад жавоби келади.

Ҳамма ташвиш шундан кейин бошланди. Пулни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган Шамсиддин ҳар хил баҳоналар тўқий бошлайди. Бир ой кутинг, икки ой кутинг, пахта мавсуми ўтсин, янги йил келсин...

Тоқати тоқ бўлган аёл судга мурожаат қилди.

– Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган суд жараёнида судланувчининг фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзгаларнинг мулкини қўлга киритгани аниқланди, – дейди жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани суди раиси Б. Икромов. – Жазо тайинлашда барча жиҳатлар эътиборга олинди ва унга 9,7 миллион сўм жарима жазоси тайинлади. Судда иккинчи томоннинг хатти-ҳаракатига ҳам баҳо берилди. Аёл судланувчига 2,5 минг АҚШ долларини пора тариқасида берган. Бу қилмиш учун унга 7,4 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди. Пора сифатида берилган ва кейинчалик айбланувчидан олинган 2,5 минг доллар давлат фойдасига мусодара этилди.

Халқимиз қинғир ишнинг қийиғи чиқади, деб бежиз айтмагани юқоридаги ҳолатларда намоён бўлиб турибди. Давлатимиз тест синовларини адолатли ўтказиш, билимли ёшларга имконият яратишга интилаётган пайтда одамларимиз тўғри йўл қолиб, эгри йўлни танлаши таассуфланарлидир. Аслида пора учун берилган пулни фарзанднинг билим олишига сарфлаш натижаси яхшироқ бўлишини тушуниш қийин эмас-ку.


ЎзА