E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СУД ТОЖИНИСО АЯ ФОЙДАСИГА ҲАЛ БЎЛДИ

11.06.2018

Чирчиқ шаҳрида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти суди кассация инстанциясининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг фуқаро Тожинисо Набиевага уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги ҳал қилув қарорига нисбатан Чирчиқ шаҳар прокурори томонидан келтирилган кассация протести кўриб чиқилди.

Чирчиқ шаҳар Спортчилар кўчасидаги 36-уйнинг 2-хонадони аслида марҳума А. Беляевага тегишли бўлиб, у 1994 йилда вафот этганидан сўнг уй эгасиз қолади. Маҳалла фаоллари томонидан 1996 йилда ушбу хонадоннинг қаровсиз қолгани ва марҳуманинг қариндош-уруғлари топилмагани сабабли уй-жойга муҳтож бўлган фуқаро Т. Набиева мазкур уйга киритилади.

– Қарийб 22 йилдан буён ушбу хонадонда яшайман, – дейди Т. Набиева. – Ўтган мана шу йиллар мобайнида хонадоннинг коммунал ва солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаб келдим. Уйга эгалик ҳуқуқи белгилаш юзасидан судга мурожаат қилдим.

2018 йил 24 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди томонидан Т. Набиеванинг аризаси кўриб чиқилади ва суд томонидан фуқарога ўзи истиқомат қилиб келаётган уйга нисбатан эгалик ҳуқуқи белгиланади.

Кенг жамоатчилик, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтган очиқ сайёр суд мажлисида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти суди кассация инстанцияси фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 2018 йил 24 январдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилиши юзасидан ажрим қабул қилди.


ЎзА