E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

АДВОКАТ АҚЛИНИ ИШГА СОЛИШ ЎРНИГА НАФСИГА ЭРГАШДИ. ОҚИБАТДА...

07.06.2018

Инсоннинг ўз касбига хиёнати йиллар давомида йиққан тажриба ва малакаси, назарий ва амалий билимларини ҳам чиппакка чиқаради. Зотан, касб инсоннинг бир умрлик ҳаёти, фаолияти, тақдирига муносиб баҳо берадиган омилдир.

“Vere-Dictum” адвокатлик бюроси адвокати Олимжон Йўлдошев иш фаолияти қонунлар доирасида иш юритишни тақозо этса-да, қонунларни четлаб ўтса бўлаверади, деган истак билан “режасини” амалга оширди.

Ақлини ишга солиш ўрнига нафсига эргашди. У ўзининг ҳимоясидаги суд ишини холисона ўрганиш ўрнига судланувчи Ольга (исми ўзгартирилган)нинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни кўзлади.

Жиноятчи муқаддам “Vere-dictum” адвокатлик бюросида фаолият олиб борган. Асосий вазифаси фуқаролар билан тузилган шартномага асосан, шартномада кўрсатилган маблағлар эвазига уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат бўлган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан айбланувчи Ольгага нисбатан энг кам ойлик иш ҳақини 50 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланади.

Шунда Ольга адвокат О. Йўлдошевга телефон қилиб, суд ҳукми юзасидан маълумот бериб у билан кўришиши зарурлигини айтади. Хуллас аёл адвокатнинг ишхонасига келади. Жазони енгиллаштириш учун вилоят прокуратурасидаги танишлари орқали пора бериш йўли билан ишини ҳал қилиб беришини сўрайди. Адвокат аёлга кассация иши билан танишиб жавобини эртаси куни айтишини билдиради.

2017 йилнинг 24 ноябрь куни аёл яна адвокатнинг иш жойига келади. У тайёргина ўлжани қўлдан чиқаргиси келмади ва нафснинг куйига кирди.

– Прокуратурадаги танишлардан бири жазони енгиллаштириб бериши эвазига 1 000 АҚШ доллари сўраяпти. Агар бу маблағни ўзимга берсангиз ишингиз тез битади, – дейди О. Йўлдошев бамайлихотирлик билан.

Ўша куниёқ адвокат 1 000 АҚШ долларини пора сифатида қўлга киритади.

Бироқ унинг қилмиши жуда тез ошкор бўлди.

Суд фирибгарлик ниқобини кийган адвокатнинг жиноий қилмишидан пушаймонлиги, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини назарда тутган ҳолда одиллик билан ҳукм чиқариб, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.


ЎзА