Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ЯНГИ ТИЗИМ: ҚУЛАЙ, ТЕЗКОР ВА КАФОЛАТЛИ

16.05.2018

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота туманлараро судида ОАВ вакиллари учун суд тизимига жорий этилаётган янги ахборот технологиялари ҳамда уларнинг афзалликларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

Унда иштирокчиларга мутахассислар томонидан ҳудуддаги Фуқаролик ишлари бўйича судларда самарали фойдаланилаётган E-SUD электрон судлов ахборот тизими, аудио-видео тасвирга олиш тизими ва соҳага оид бошқа янгиликлар ҳақида маълумот берилди.

Одил судлов самарадорлигини оширишда суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани соҳада очиқ-ошкораликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилиб, судлар амалиётига жорий этилган E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштириш, бу борада сансоларлик, буйруқбозликка барҳам бериш каби мақсадларга хизмат қилмоқда. Ушбу тизимдан 2017 йил октябрь ойидан буён фуқаролик ишлари бўйича юртимиздаги барча туманлараро, туман ва шаҳарлар судларида самарали фойдаланилмоқда.

Тадбирда Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди судьялари ва суд ходимлари томонидан E-SUD электрон тизимидан суд иш юритуви давомида, яъни ишни рўйхатдан ўтказишдан тортиб то суд қарори чиқарилишигача бўлган жараён иштирокчиларга кўрсатиб берилди.

Тизимнинг самарадорлиги, аввало, суд актларини тайёрлашда вақт ва қоғоз тежамкорлигини таъминлайди, ҳужжатлар йўқотилиши ҳолатини бартараф этади. Бу жараён бўйича журналистларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар жавоб берди.

– Энди судга мурожаат этиш учун суд биносига келиб навбатда туриш, ҳужжатларни қўлда ёзиб, қоғоз шаклда топшириш каби жараёнларга вақт ва маблағ сарфламаса ҳам бўлади, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди раиси Баҳром Файзиев. – E-SUD тизими орқали фуқаролик ишлари бўйича мамлакатимиздаги барча судларга исталган кун, вақт ва масофадан туриб ҳужжатларни электрон топшириш мумкин. Йил бошидан буён ҳудудимиз аҳолисидан E-SUD тизими орқали суд буйруғи бериш билан боғлиқ талабларга оид 34 мингдан ортиқ ариза келиб тушди.

Пресс-тур доирасида журналистлар судда ишларни кўриш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ишга туширилган аудио-видео тасвирга олиш тизими фаолияти билан ҳам танишди. Муайян иш билан боғлиқ материалларни электрон тарзда шакллантиришнинг бундай тартиби, аввало, қўл меҳнати ва ортиқча қоғозбозликни қисқартиради.

Шунингдек, ишларни сақлаш, юқори инстанция судларига юбориш, иш материаллари билан тарафларни таништириш ва улардан нусхалар олиш каби процессуал жараёнларни сезиларли тарзда соддалаштиради.

Шу билан бирга, бундай янги тартибларнинг жорий этилиши судьялар, прокурорлар, адвокатлар, энг асосийси, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар учун қулайлик яратади. Уларнинг суд мажлисларида қатнашиш маданиятини оширади ва процессуал қоидаларга қатъий риоя қилинишини таъминлайди.

Пресс-тур якунида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида тайёрланган, аҳоли ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган амалий қўлланма ва рисолалар тақдимоти бўлиб ўтди.


ЎзА