E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СУДЬЯЛАР ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛДИ

16.05.2018

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг қарорига мувофиқ биринчи маротаба лавозимга тайинланган жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари судьяларининг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов ва бошқалар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги таъминланганини таъкидлади. Судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш мақсадида суд тузилмаси ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизими такомиллаштирилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2018 йил 8 майдаги қарори билан илк бор беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган 19 судьянинг қасамёди эшитилди.

Қасамёдда "Мен зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан!" деган сўзлар битилган.

Халқимиз манфаатларига мос бўлган, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга замин яратувчи, адолатли ҳуқуқий давлатнинг зарурий шарти акс этган бу қасамёдни ҳар бир судья зиммасига юкланаётган юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда ҳаяжон билан қабул қилди.

– Азал-азалдан халқимизда адолатга интилиш туйғуси юксак қадрланган, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти Учқўрғон туманлараро суди судьяси Санобар Тўрабоева. – Тарихдан маълумки, ўша пайтларда ҳам юксак ахлоқий, маънавий фазилатларга эга бўлган шахсларгина бу лавозимга тайинланган. Бугун мен одил судловни амалга ошириш ваколатига эга бўлдим. Иш фаолиятимда Президентимиз, халқимизнинг юксак ишончини оқлаган ҳолда ҳалол, адолатли бўлишга ваъда бераман. Қасамёдга содиқ ҳолда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда фақат адолат мезонига таянаман.

Тадбирга ташриф буюрган судьяларнинг ота-оналари, яқин қариндошларининг қалби чексиз фахр-ифтихорга тўлди.

– Фарзанд камолини кўриш, унинг халқ манфаати йўлида масъулиятли вазифага киришишига гувоҳ бўлиш ҳамма ота-онанинг орзуси, – дейди бухоролик Жума Садиров. – Бугун шундай улуғ даргоҳда ўғлимнинг судьялик қасамёдига гувоҳ бўлдим. Ўғлим шундай шарафли касб эгаси бўлишни ёшлигидан орзу қиларди. Фарзандим Ватанимиз равнақи, халқимиз манфаати йўлида ҳалол, фидойилик билан хизмат қилишига ишонаман.

Қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳнома ва «Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари» китоби топширилди.


ЎзА