E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ИШ САМАРАДОРЛИГИ ЯНАДА ОШАДИ

04.05.2018

Қашқадарё вилояти иқтисодий суди янги бинода фаолият бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов ва бошқалар суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар одил судлов ва қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи суд-ҳуқуқ тизими моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ҳудудларда янги суд бинолари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинмоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли соҳа ходимларининг меҳнат шароити яхшиланаётгани суд тизими самарадорлиги ва фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилаётир.

– Қарийб 35 йил суд тизимида ишлаганман, – дейди меҳнат фахрийси Парда Эшматов. – У пайтларда бугунгидек қулайлик бўлмаган, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясига эътибор берилмаган. 5-6 судья бир хонада ўтириб ишлардик. Бино қишда совуқ бўлса, ёзда иссиқдан ўтириб бўлмасди. Битта судда 13 нафар судья ишласа, ҳаммасига атиги битта суд зали бўлган. Табиийки, бу иш самарадорлигига жуда таъсир қиларди. Бугун вилоят иқтисодий судига қуриб берилган бинони кўриб ҳавасим келди. Қонун ҳимоячилари учун ҳам, фуқаролар учун ҳам барча шароит яратилган.

Янги бинода “Чоштепа чашмаси” корхонаси томонидан 6 миллиард 68 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

– Бинода мавжуд 4 кичик ва 1 катта суд зали хўжалик низоларини кўриб чиқишда дастлабки ва апелляция инстанцияси ишларини муҳокама этиш жараёнини тез ва сифатли амалга ошириш имконини беради, – дейди вилоят иқтисодий суди судьяси Ж. Тўхтамишев. – Шунингдек, прокурор, адвокатлар хоналари, фуқароларни қабул қилиш хоналари совутиш ва иситиш ускуналари билан таъминланган. Албатта, бундай эътибор ва ғамхўрлик, бизга яратиб берилаётган имкониятлар зиммамиздаги масъулиятни икки ҳисса оширади. Тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашда фидойилик билан ишлашга ваъда берамиз.


ЎзА