E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

АРХИВДАГИ ҚАРОРНИНГ КЎЧИРМА НАРХИ 300 ДОЛЛАРМИ?

04.05.2018

Фарғона вилояти архив иши ҳудудий бошқармасининг Қува туман давлат архивига М. Холматова мурожаат қилиб, уй-жой қуриш учун бувисини номига қабул қилинган қарорни қариндошлари даъво қилмасликлари мақсадида отаси А. Бекмирзаевнинг номига чиқарилган қарордан кўчирма тайёрлаб беришни сўрайди. Архив директори Гулноза Мамажонова бундай “мижоз”ни қўлдан бой бергиси келмади. Таъмагирлик йўлини тутиб, қарордан кўчирма тайёрлаб бериш учун 300 доллар талаб қилди.

М. Холматова бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилди. ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Қува тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Г. Мамажонова ўз хизмат хонасида 250 доллар ва А. Бекмирзаевнинг фуқаролик паспортини олганида ушланди.

Афсуски, Г. Мамажонованинг нафси ҳакалак отганлардан экан. Молия ходимлари Қува туман давлат архиви томонидан пуллик хизматлар ҳисобидан тушган пул маблағларининг қонунийлиги, тўғри ва тўлиқ ундирилганилиги ва қатъий белгиланган меъёрларга риоя этилганлиги юзасидан ўтказилган текширишда ҳам бир қатор ноқонуний ҳолатлар аниқланди.

Г. Мамажонова 2015-2017 йиллар давомида Қува туманига оид бўлган ер участкалари ажратиш, хонадонларни хусусийлаштириш, эгалик ҳуқуқини аниқлаш бўйича ижроия қўмиталари, ҳокимлар, судлар, нотариал идоралар қарорлари ва ҳужжатлари бўйича 832 ҳолатда архив маълумотларидан берилган архив кўчирмаларини, ушбу кўчирмалар учун фуқаролар томонидан “Ўзархив” агентлигининг кўрсатмаси асосида белгиланган, ҳар бир кўчирма учун тўланиши лозим бўлган 61 минг 649 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштириш мақсадида ташкилотнинг рўйхатга олиш китобига ушбу кўчирмалар иш ҳақидан экани, яъни давлат божи ундирилмайдиган кўчирмалар эканлиги ҳақида сохта маълумотларни киритган. Мазкур мулкий турдаги кўчирмаларга қалбаки чиқиш рақамларини қўйиб, жами 51 миллион 291 минг 968 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштириб юборган.

Шунингдек, 2015-2017 йиллар давомида фуқароларга ер участкалари ажратиш, хонадонларни хусусийлаштириш, эгалик ҳуқуқини аниқлаш бўйича ижроия қўмиталари, ҳокимлар, судлар, нотариал идоралар қарорлари ва ҳужжатлари бўйича тайёрлаб берилган кўчирмалар учун белгиланган 61минг 649 сўм миқдоридаги давлат божини 63 ҳолатда кам ундириши натижасида жами 2 миллион 499 минг 234 сўм миқдордаги пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилгани аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди томонидан Г. Мамажонованинг қилмишларига яраша жазо тайинланди.


ЎзА