E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ФИРИБГАР ЖАЗОСИНИ ОЛДИ

16.04.2018

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Катта Қорасув” маҳалласида Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. 

Унда 1983 йил Наманган вилоятида туғилган фуқаро И. Муродовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жиноят иши кўрилди. 

И. Муродов жабрланувчи фуқаро Ч. Зокировга тегишли бўлган 646 миллион 102 минг сўмлик 150 тонна ем маҳсулотини сотиб беришни ваъда қилади. Сотилган маблағдан фақатгина 70 миллион сўмини бериб, қолган 556 миллион 102 минг сўмни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Шунингдек, М. Акмаловга тегишли бўлган 172 миллион 275 минг сўмлик ем маҳсулотини ҳам олиб, жабрланувчига 35 миллион сўм беради ва қолган пулларни ҳам ҳеч иккиланмасдан ўзлаштиради. 

Судланувчи И. Муродовнинг жиноят иши дастлабки тушунтириш хатлари, тилхат, телефон орқали ўзаро ёзишмалар, аудиоёзувлар, юзлаштириш баённомалари ҳамда бошқа объектив далиллар билан ўз тасдиғини топди. 

Судда судланувчининг отаси К. Муродов жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаб бериш чорасини кўрганини айтиб, гувоҳ сифатида кўрсатма берди. 

– И. Муродовга жазо тайинлашда унинг оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарар тўлиқ қоплангани инобатга олинди, – деди Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди раиси Ёқутхон Ҳайдарова. – Шунга кўра, айбланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг "а" банди билан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасига мувофиқ, ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 

Судланувчига Жиноят кодексининг 62-моддасига кўра, дастлабки қамоқда бўлган вақти тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси муддатидан чегириб ташланди. Ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан 2 йил 9 кун муддатга қисқартирилган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди. 

ЎзА