E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СОВЧИЛАР ЭМАС, “ОВЧИ”ЛАР

13.04.2018

Замира опа — қиз узатган, келин туширган, неварали, қуда-андали аёл. Фарзандлари ҳам эсли-ҳушли, меҳнатсевар. Аммо кенжа қизи Салиманинг негадир бахти очилмаётгани уни ташвишлантирарди. Назарида шу қизи “ўтириб қолган”. Кимдир унинг “бахтини боғлади”микан? Тўғри-да, бўлмаса кўзга яқин, қўл-оёғи чаққон, ойдеккина қизи 24 ёшгача ҳам бахтини топмайдими?!

Шундай кунларнинг бирида кўча эшигини очган келини Шоҳиста “Ойижон, совчилар келди”, деган хушхабар келтирди. Юраги ҳаприқиб чопиб чиққан Замира опа эшик ёнида турган икки аёлни кўрди. Замира опа уларни ўзбекка ўхшатмади, аммо улар ўзбекмиз, дейишди ишонч билан.

Совчилар бўлғуси куёвнинг топармон-тутармон эканлигини, бироқ уйланмоқчи бўлган қизининг тиббий кўрик пайтида ҳомиладорлигини билгач, руҳий тушкунликка тушиб қийналганлигини, Янгийўлдаги “Соҳил” дўконига келган вақтида сотувчи бўлиб ишлаётган Салимани кўриб, ёқтириб қолганлигини айтишди.

Совчилардан бири Замира опадан Салиманинг суратини олиб кўрар экан, бош чайқади:

— Қизингизни кимдир ўқитган, ёмон амали бор, ўқимаса бахти очилмайди.

Арзимаган пулга ўқиб, тозалаб қўяман.

— Сизлар совчисиз-ку, қандай қилиб...

— Мен куёв бўлмиш йигитнинг тутинган опасиман. Уни ҳам ўзим “қайтарма” қилганман.

Шарофатнинг далил-исбот билан гапириши Салима опада шубҳа-гумонга ўрин қолдирмади.

Қизининг бахти боғланганлиги ҳақидаги тахминлари тўғри чиққанлигини билган она “фолбин совчи”ларнинг ҳамма топшириғини сўзсиз бажарди: бирпасда нина, оқ пахта, оқ ип, қора целофан, 7 дона шағал тош ва 7 дона тилла буюмлар муҳайё қилинди. Замира опа қизининг қаршилигига қарамай, ўзининг, эрининг ва ҳатто келинининг ҳам тилла буюмларини йиғиб келди.

“Совчи” уларга бирма-бир қон сурди, ирим-сиримини қилиб, целофанга ўраб, 3 соатгача ечмаслик шарти билан белига боғлаб қўйди.

Замира опа шундай хурсанд эдики, ҳатто совчиларнинг хатти-ҳаракатидан ҳайрон бўлаётган қизи Салиманинг саволларига ҳам ҳаммасини уч кундан кейин биласан, деб қўя қолди.

Безовталаниб қолган Салима опаси Малоҳатга қўнғироқ қилди:

— Опа, уйга совчилар келишди, бошқача шевада гапиришар экан. Онам уларга ҳамма тиллаларни олиб чикиб бераяпти.

Малоҳат сергак тортди: “Улар совчилар бўлишса, нега тиллаларни сўрашади?”

Малоҳат шошиб дарвозадан кириб келар экан, кетишга чоғланиб, ҳовлидан кўчага отланаётган, кўринишидан лўли миллатига мансуб аёлларга кўзи тушди.

— Булар кимлар?

— Совчилар! — деди Замира опа.

— Тилла тақинчоқлар қани?

Малоҳатнинг важоҳатидан қўрқиб кетган “совчи”лардан бири Замира опани ҳовлидан ичкарига тортди. Унинг белидаги “бахт йўлини очувчи” тугунчанинг боғланганига ҳали уч соат бўлмаган бўлса ҳам тезлик билан ечиб олиб, диван орқасига отди ва ўзининг ичкийимига яширган тилла тақинчоқлар ўралган яна бир тугунчани чаққонлик билан Замира опанинг қўлига тутқазди.

У шундай тез ҳаракат қилдики, Замира опа бир хил тугунчалар иккита эканлигини, белига боғланган тугунча тилла эмас, шағал тошга тўла эканлигини сезмай ҳам қолди.

Малоҳат шубҳалари ўринли эканлигини англади-ю, Янгийўл туман ички ишлар бўлими ходимларини ёрдамга чақирди...

Тергов жараёнида ҳақиқат ойдинлашди: “совчи”лардан бири — икки фарзанднинг онаси Шарофат Алиева Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳрида истиқомат қилади. У жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар, Пастдарғом, Тойлоқ, Шаҳрисабз, Қизилтепа, Деҳқонобод ва Косон туман судларининг ҳукми билан Ўзбекистон Рекпубликаси Жиноят қодексининг турли моддалари бўйича судланган.

Гулжаҳон ўаниева Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилиб ўсган. 5 нафар фарзанднинг онаси бўлса ҳам саводсизлиги боисми ёки “Қовун қовундан ранг олар” деганларидек, қайнопасидан “ўрнак” олганми, ҳар ҳолда жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар ва Деҳқонобод туман судлари томонидан судланиб, тегишли жазога ҳукм қилинган.

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, қайнопа-келин гўёки даволаниш мақсадида Тошкент вилоятига келиб, бир уйни ижарага олишади. Эртасигаёқ тиламчилик қилиш ва фол очиш мақсадида Янгийўл туманидаги маҳаллага бориб, укасига қиз излаб юришганини, бўйи етган қизлар бор-йўқлигини суриштиришади. Бир аёл “совчи”ларга Замира опанинг уйини қўрсатиб юборади...

Шарофат Алиева хавфли рецидивист бўла туриб, фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида жиноий шериги Гулжаҳон ўаниева билан олдиндан жиноий тил бириктириб, умумий баҳоси 4 миллион сўмлик турли хилдаги 7 дона тилла буюмларни қўлга киритиб, фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлмай туриб, жиноят устида далилий ашёлар билан қўлга олинган. Фирибгар “совчилар”га адолатли қонунларимизга асосан жазо тайинланди.

Кишини бошқа савол мушоҳадага чорлайди: Замира опага ўхшаган аёлларимизни ҳаётда кўпни кўрган, оқ-қорани таниган кайвони онахонлар деймиз. Уларнинг динимизда лаънатланган сеҳру жоду, ирим-сиримга ишониб, танимаган-билмаган бегона аёлларнинг фирибларига учганларини қандай изоҳлаш мумкин? Ҳатто орамизда фолга ишониб, келини, қўшниси ёки опа-синглиси билан юз кўрмасга айланганлар ҳам, мисқоллаб йиққанини инъом этиб юборганлар ҳам учрайди. Бундай соддалик ва ишонувчанликнинг натижаси эса фақат афсус ва надоматдир.

Баҳром ТОШПЎЛАТОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Янгийўл тумани
суди раиси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

(“Adolat” газетаси,
2018 йил 13 апрель)