E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ПОРАХЎРЛИК – ИЛЛАТ

11.04.2018

Порахўрлик, таъмагирлик, коррупция жамият тараққиётига ғов бўлувчи, давлат манфаатларига мутлақо зид бўлган иллатдир. Буни англаган инсон борки, виждонсизлик қилмайди, нафсига қул бўлмайди. Аммо... 

...О. Одилов Молия вазирлиги назорат-тафтиш бошқармасининг Тошкент шаҳар бошқармаси Бош назоратчи-тафтишчиси лавозимида ишлар эди.

2017 йилнинг 22 августидан 20 сентябрига қадар Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежида охирги текширувда 2017 йил 1 июлгача бўлган даврдаги харажатлар сметаси тузилиши ва унинг ижроси, бюджетдан ташқари маблағларнинг шаклланиши ва мақсадли сарфланиши юзасидан тафтиш ўтказиши керак эди. У ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, текширув натижасида аниқланган камчиликларни ижобий ҳал қилиб бериш, уларни текшириш натижасида шакллантириладиган далолатномада акс эттирмаслик эвазига таълим муассасаси кассиридан 3 минг АҚШ доллари талаб қилади. Талаби бажарилмаса, текширув муддатини узайтириш, текширувга прокуратура идоралари ходимларини ҳам жалб қилиб, яна бир қатор камчиликлар аниқлаши мумкинлигини айтади. 

2017 йилнинг 18 сентябрида мазкур таълим муассасаси кассири М. Исҳоқова қарз-ҳавола қилиб олиб келган 2 минг 500 АҚШ долларини О. Одиловга пора эвазига беради... 

Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежида кенг жамоатчилик вакиллари, судланувчининг яқинлари, ўқувчи ва ўқитувчилар иштирокида ўтказилган сайёр суд мажлисида О. Одилов ҳамда М. Исҳоқованинг жиноий иши кўриб чиқилди. 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди судьяси С. Орипов раислигида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида О. Одилов ҳамда М. Исҳоқовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг тегишли бандларига асосан жарима жазоси тайинланди. 

Суд мажлисида судланувчиларнинг айбига иқрорлиги, барча келтирилган зарарларни қоплаши, қилмишидан пушаймонлиги, соғлиғида нуқсонлар борлиги сингари ҳолатлар инобатга олинди. 

ЎзА