Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИ 4 МИЛЛИОН 200 МИНГ СЎМ МОДДИЙ ВА МАЪНАВИЙ ЗАРАР ТЎЛАЙДИГАН БЎЛДИ. НЕГА?

04.03.2018

ЧУНКИ, У БИР ИНСОН ТАҚДИРИГА БЕПАРВОЛАРЧА МУНОСАБАТДА БЎЛГАН ЭДИ

Ўттиз беш йил. Бу шунчаки кўз очиб-юмгулик фурсат эмас. Бир инсон туғилиб, вояга етиб ҳаётнинг пасту баландини англаб оладиган давр. 72 ёшни қаршилаган Калмон оқсоқол умрининг ана шу ёрқин фаслларини, энг навқирон дамларини маҳалласига бағишлади. 35 йилдирки, Калмон бобо маош олмасдан, жамоатчилик асосида Тошкент вилояти Чиноз тумани “Ёввош” маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлади. Бундай фазилатни фидойиликнинг бир намунаси десак, муболаға бўлмайди. 

Раиснинг эзгу нияти ва саъй-ҳаракати билан ҳудудда қандай ташвиш ёки юмуш бўлса, ҳаммаси йиғин аҳли билан ўзаро маслаҳатлашиб ҳал этилади. 

Аммо бу фидойиликни ҳар ким ҳар хил тушунди. Шундай кунларнинг бирида “Чиноз” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ва унинг муовини қишлоқ фуқаролар йиғини таркибидаги “Ёввош” маҳалласи раиси Калмон Эргашев устидан шикоят ёзиб беради. Уларнинг шикоятларига кўра, гўёки, Калмон оқсоқол ўзбошимчалик билан маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб олган, йиғин муҳри ва штампини қалбакилаштирган. Бу бўйича Чиноз туман ички ишлар бўлими профилактика инспектори К. Ш. (исм-фамилия ўзгартирилган) текширув олиб боради ва ким ҳақ, ким ноҳақ эканини билмай туриб Калмон Эргашевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси билан ҳужжат расмийлаштиради ва уни судга оширади. 

Калмон бобо ўзининг ҳақлигини исботлаш мақсадида кунларни, ойларни, асабларини сарфлади. Сайлов ҳақиқатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни туман ҳокимияти архивидан топади. Чиноз тумани сайлов комиссияси раисидан ҳужжат нусхасини олади. Шундан сўнг, жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судининг қарори билан иш қайта суриштирувга берилади. Янгийўл туман прокуратурасининг текширувидан сўнг Калмон бобонинг ҳақ экани аниқланади. Янаям соддароқ айтганда ёввошликлар Калмон Эргашевни маҳаллага раис этиб сайлангани маълум бўлади. 

Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди, деб шуни айтишса керак. Калмон бобо бу орада руҳан азоб чекди. Туҳмат сабаб ич-ичидан эзилди. Гарчи унинг ҳақлиги исботланган бўлса-да, унга нисбатан асоссиз маъмурий иш қўзғатилгани сабабли жавобгарлардан моддий ва маънавий зарар ундиришни ҳақида судга мурожаат қилди. Ундирувни 21-сонли умумтаълим мактаб фондига ўтказишни сўради. 

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманлараро судида мазкур иш бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлисида иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилди. Профилактика инспектори ҳақиқатдан ҳам суриштирув ишларини тўлиқ ўтказмай, шошма-шошарлик билан олиб боргани аниқланди. Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан К. Ш. га нисбатан хизмат текшируви ўтказилгани, натижада профилактика инспектори интизомий жазога тортилгани маълум бўлди. 

Очиқ суд мажлисида жавобгар айбига тўлиқ иқрор бўлди. Судья Д. Мусаев ҳал қилув қарорини ўқиди. Қарорга кўра, жавобгар жабрланувчи фойдасига 1 миллион 200 минг сўм моддий зарар, 3 миллион сўм маънавий зарар ва 75 минг сўм давлат божи ундириладиган бўлди.

Мазкур ундирув 21-сонли умумтаълим мактаби фондига ўтказилиши белгиланди. Калмон раис оқланди. Халқ орасида юзи ёруғ бўлди. 

Суд мажлисидан сўнг Калмон Эргашев ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

“...Ҳа, агар ҳаракатларим, кўзлаган мақсадим шунчаки ўз манфаатимни ўйлашдан иборат бўлганида мен аллақачон ярим йўлда қолиб кетардим.

Умрим давомида ҳеч қачон ўз манфаатимни жамоа манфаатидан устун қўймаганман”, - деди. 

ЎзА