Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР, АММО...

27.02.2018

Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судининг сайёр суд мажлисида ушбу тумандаги “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Гавҳар Шодмонованинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда маҳалла фаолларининг ижобий кўрсатмаси ҳамда Жиноят кодексининг 10-моддасида назарда тутилган жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи жазо қўлланиши шартлигини англатмайди, деган тамойил асосида далиллар ҳар томонлама синчиклаб ўрганиб чиқилди ва айбланувчи жазодан озод қилинди. Бу ҳақда қуйида яна тўхталамиз.

Аввало, айтиш жоизки, тўрт нафар фарзандни ёлғиз ўзи катта қилаётган онага нисбатан бундай чора қўлланиши суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг яққол самарасидир. Инсонпарварлик тамойилларига йўғрилган тизим ислоҳотлари Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янада кенг қулоч ёзди. Айниқса, Юртбошимиз томонидан 2017 йил 13 июнда Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида тизимдаги мавжуд жиддий муаммо ҳамда камчиликларни бартараф қилиш, олдимизга қўйилган вазифаларни тўғри ҳал этиш учун ҳар биримиз ишга бўлган муносабатимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз ва шахсий масъулиятимизни кескин оширишимиз зарурлиги таъкидландики, бу биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Натижада бугунги кунга келиб, судлар жазоловчи орган сифатида эмас, балки фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи идора сифатида ўзини намоён эта бошлади.

Буни жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судининг ўтган йилги фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Далилларга мурожаат қиламиз. Ўтган йили судимиз томонидан жами 1 447 нафар шахсга нисбатан 1 133 жиноят иши кўриб тамомланган. Шундан 1 224 нафар шахсга нисбатан 915 та ҳукм чиқарилган, 215 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилган. Эътиборлиси, ушбу ишларни кўришда ҳар бир далил адолат тарозисига қўйилиб, атрофлича ўрганилди ҳамда чиқарган хулосаларимиз қанчадан-қанча одамларнинг қаддини кўтарди, оилаларига шодлик ва қувонч олиб кирди. 

Ўтган йил давомида судьяларимиз иштирокида 440 та сайёр учрашув ўтказилиб, аҳоли айни кунларда юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, хусусан, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништирилди. Шу саъй-ҳаракатлар натижасида юртдошларимизда ижтимоий фаоллик кўзга ташланаётгани бизни ҳаммасидан кўпроқ қувонтиради.

Бундай фаолликни юқорида айтиб ўтилган суд иши жараёнида ҳам кузатдик.

Гап шундаки, Г. Шодмонова ўз уйида маълум муддат ноқонуний равишда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Мутасадди идоралар ходимлари томонидан огоҳлантириш берилгач, у якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтади. Аммо судда иштирок этган айрим гувоҳлар судланувчи томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар талабга умуман жавоб бермаслиги ва турли ичак хасталикларини келтириб чиқариши мумкинлигини билдиришган. Ана шу ҳал қилувчи паллада маҳалла фаоллари унинг жонига оро киради. Масалан, фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Д. Комилова бу аёлнинг қарамоғида 4 нафар фарзанди борлиги, турмуш ўртоғи йўқлиги ҳамда маҳалла-кўй орасида обрў-эътибор қозонганлигини айтиб, уни ёқлайди. Шу билан бирга, у тайёрлаган тортдан кўпчилик, жумладан, ўзи ҳам истеъмол қилганини, аммо касал бўлмаганини баён этади. Табиийки, бу ҳам суд жараёнида инобатга олинди. Қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғини судга расман илтимоснома киритди.

Суд жараёнида ана шу омилларнинг барчаси ҳисобга олинди ва якунда у жазодан озод қилинди. Очиғини айтганда, бу қароримиздан нафақат унинг ўзи ёки қариндошлари ва маҳалладошлари, балки биз ҳам мамнун бўлдик.

Негаки, йиқилганни суяш, хатосини тўғри англаган, энг муҳими, бу ишни тўрт нафар фарзандини боқиш учун қилган ёлғиз аёлни ёқламасак, жиддий хатога йўл қўйган бўлардик.

Умуман, юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида рўёбга чиқарилаётган изчил ислоҳотлар ҳар биримиздан билим ва шижоат ҳамда катта масъулият талаб этади. Шундай экан, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш йўлида бор билим ва тажрибамизни сафарбар қиламиз. 

Шуҳрат БАКАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Сергели тумани суди раиси.

(“Халқ сўзи” газетаси,
2018 йил 27 февраль)