E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ФИРИБГАР "TELEGRAM"ДА

27.12.2017

Одамларимизни тўлиқ ишонтириш учун «ҳали менга ишонмаяпсизми?», деган кинояли сўзларнинг ўзи кифоя қилади баъзан. Кўзларимга тик қараб турган одам мени алдармиди, деган истиҳолага борамиз.

Шерзод Ойбекка 10 минг АҚШ долларини узата туриб, «Ака, энди шу пулни олганингиз ҳақида бир энлик тилхат ёзиб берсангиз яхши бўларди», деди минг истиҳола билан. «Э, ҳали менга ишонмаяпсизми? Бўлмаса бирга иш қилмаганимиз маъқул. Олинг пулингизни!», чўрт кесди Ойбек. Режадаги иши чала қолишидан чўчиб кетган Шерзод хамроҳидан дарров узр сўраб, «Ишонмасам олдингизга келармидим. Шунчаки расмиятчилик, дегандим-да», деди хижолат бўлиб. Айнан шуни кутиб турган Ойбек энди бамайлихотир пулни чўнтагига солди...

Аслида Шерзод ўзи истиқомат қиладиган пойтахтимизнинг Чилонзор туманида мебель дўкони қуришни режалаштираётганди. Бунинг учун ер майдони қидириб юрганида ўртоқларидан бири «юқорида» ишлайдиган таниши борлигини, бундай ишларни бир зумда ҳал этишини айтди. Бунга дарров ишонган Шерзод уддабуроннинг кимлиги, қаерда ишлаши, ишни қандай ҳал этишига қизиқиб ҳам кўрмай, йиллаб йиққан даромадини унга қўшқўллаб тутқазиб юборди.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Орадан сал ўтиб Ойбек Шерзодга қўнғироқ қилиб, «иш битди, ука, энди қолган 16 минг АҚШ долларини келтиринг», деб қолди. Хушхабардан суюниб кетган Шерзод таниш-билишларидан қарз-ҳавола қилиб, айтилган пулни тахт қилди.

Ойбек бу учрашувда Шерзодга мебель дўкони тархи туширилган чизмаларни кўрсатди. «Нафақат ерга эгалик ҳақидаги ҳокимлик қарори, балки дўкон қуриш учун ҳам энди сизда рухсатнома бор. Мана бўлажак дўконингиз!», деб у чизмаларни ва яна қандайдир қоғозларни Шерзоднинг олдига қўйди. Ишнинг бундай «муваффақиятли» битганидан хурсанд бўлиб кетган Шерзод қоғозларга қараб ҳам ўтирмай, Ойбекка келишилган пулнинг қолганини узатди.

Ойбек Шерзодга қатъий ишонч билан «Ҳужжатларнинг асл нусхалари эртага қўлингизда бўлади», дедию машинасига ўтириб жўнаб кетди. Шерзод кутган кун эса келмади...

26 минг АҚШ доллари айтишга осон. Бироқ уни жамғариш учун Шерзод нафақат ўзи, балки турмуш ўртоғи ҳам йиллаб меҳнат қилганди. Бунинг устига таниш-билишлардан қарз ҳам кўтарганди. Ойбек эса бели оғримай «топган» пулини кўнгли тусаган нарсага, ҳою-ҳавасларига сарфлаб юборди.

Бироқ халқимизда "текин тешиб чиқади", деган пурмаъно ҳикмат бор. Гарчи Шерзод фирибгарга тилхатсиз пул берган бўлса-да, ҳар сафар унинг олдига ўзи ёлғиз бормаганди. "Telegram" мессенжерида Ойбек билан "иш юзасидан" ёзишмаларини сақлаб қўйганди. Ана шу далиллар асосида Шерзод ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилди. Суриштирув ишлари давомида Ойбек қилмишидан бутунлай тонган бўлса ҳам, аммо далиллар ҳамда унинг устидан тушган бошқа жабрланувчиларнинг шикоятлари унинг фирибгарлигини намоён этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматидан маълум қилишларича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманида кўрилган мазкур ишда О. Аширметов томонидан қилинган бир неча жиноят далиллар асосида ўз исботини топган. Аслида ҳеч қаерда ишламайдиган, фақат одамларнинг ишончига кириб, уларнинг маблағларини талон-торож этиб юрган бу шахсга суд ҳукми билан беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган зарарлар айбдордан ундириладиган бўлди.

Ҳа, фирибгар жазосини олди. Бундайлар ҳақида ҳар куни оммавий ахборот воситаларида бонг уриляпди. Лекин Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги навбатчилик қисмига тушаётган мурожаатларнинг кўпчилиги яна алданиб қолиш, фириб тузоғига тушиб қолиш билан боғлиқ бўлмоқда.

Жорий йилнинг 11 ойида 9 мингга яқин фирибгарлик ҳолати қайд этилгани бунинг тасдиғидир.

Ҳеч бўлмаса сиз шу тузоққа тушманг, огоҳ бўлинг!

ЎзА