Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

ДАЪВОГАРЛАР ФОЙДАСИГА 71 МИЛЛИАРД СЎМ УНДИРИЛДИ

05.12.2017

Андижон туманлараро иқтисодий суди томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 4 мингга яқин даъво ва шикоят аризаси кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда суд тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи чинакам мустақил институтга айлантириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ушбу ҳужжатларда фуқаролар, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш борасида муҳим вазифалар белгиланган.

– Президентимиз фармони асосида Андижон вилояти иқтисодий суди ва унинг тизимида Андижон, Асака, Бўз, Избоскан, Хўжаобод ва Қўрғонтепа туманлараро иқисодий судлари ташкил этилди, – дейди Андижон вилояти иқтисодий суди раиси Анвар Шукруллаев. – Айни пайтда иқтисодий судлар томонидан жамиятда қонун устуворлигини ҳамда судлар олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Иқтисодий судлар тадбиркорлик субъектлари ҳамда фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти бўйича келиб чиқадиган низоларини кўришга ихтисослашган бўлиб, суд жараёнида тадбиркорлик субъектлари ҳам даъвогар, ҳам жавобгар сифатида иштирок этиши мумкин. Назорат қилувчи органлар, хусусан, солиқ идораларининг тадбиркорлик субъектлари фаолияти бўйича солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги ишлар ҳам иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.

Илгари хўжалик судлари асосан вилоятлар марказида фаолият юритгани боис, тадбиркорлар турли низоли масалалар бўйича вилоят марказига – хўжалик судига мурожаат этар, зарур бўлса, бир неча марта келиб, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга мажбур эди. Бу эса вақт йўқотишга, ортиқча харажатларга сабаб бўларди. Энди улар ўзлари яшаётган ёки қўшни туманда фаолият юритаётган иқтисодий судга мурожаат қилиш, суд билан боғлиқ ишларни тез ҳал этиш имкониятига эга бўлди.

Иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлар мурожаати имкон қадар тез ва адолатли кўриб чиқилмоқда, мазкур жараёнда уларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Буни Андижон туманлараро иқтисодий суди фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

– Ташкил этилган кундан ҳозирга қадар 4 мингга яқин иш кўриб чиқилди, – дейди Андижон туманлараро иқтисодий суди раиси Шоядбек Мирзаев. – Уларнинг 3 мингдан ортиғи сайёр судларда кўрилиб, қонун доирасида адолатли ҳал этилди. Кўрилган ишлар натижасида даъвогарлар фойдасига 71 миллиард сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди.

Бундан ташқари, тизимда даъво ва шикоят аризаларини электрон шаклда қабул қилиш тартиби жорий этилган. Шунингдек, вилоят ҳудудидан ташқарида бўлган тадбиркорлар ўртасидаги низолар видеоконференцалоқа тартибида кўриб чиқилмоқда.

– Менга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг тегишли бандларига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баробари, яъни 4 миллион 493 минг 250 сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраб, Андижон шаҳар солиқ инспекцияси иқтисодий судга даъво аризаси берган эди, – дейди Андижон шаҳридан якка тартибдаги тадбиркор Гулчирой Асранова. – Суд муҳокамасига қадар текширишда аниқланган камчиликларни бартараф этганим, назорат касса машинаси ва тўлов терминали ўрнатганим, инкассация шартномаси тузганим ва солиқларни ўз вақтида тўлаб келаётганим эътиборга олиниб, иқтисодий суд томонидан адолатли қарор чиқарилди, молиявий жарима 1 миллион 347 минг 975 сўмга камайтирилди.

Вилоятдаги барча иқтисодий судлар биноларига ўрнатилган “Фикр-мулоҳазалар қутиси” орқали фуқаролар ва тадбиркорлар иқтисодий судлар фаолияти юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирмоқда. Бу судьяларнинг масъулиятини ошириб, ишларни адолатли кўриб чиқиш, шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мухтасар айтганда, вилоятдаги иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни бартараф этиш, бу борада уларга қулайликлар яратиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

ЎзА