Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

СУД ҲОКИМИЯТИНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА СУДЬЯЛАРНИНГ РОЛИ

29.11.2017

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан ушбу мавзуда халқаро семинар ўтказилди. Унда кенгаш аъзолари, Олий суд судьялари, вазирлик ва идоралар вакиллари, хорижлик экспертлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси М. Усмонов ва бошқалар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, унинг нуфузини ошириш, судьяларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Юртимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Кенгаш ўз вазифаларини амалга оширишда, хусусан, судьяларнинг касб тайёргарлигини ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Адлия вазирлиги, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси, илмий муассасалар ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилмоқда.

Мазкур семинар ҳам Судьялар олий кенгаши фаолиятига доир халқаро ҳуқуқ нормалари ва андозалари билан танишиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва ҳисобдорлиги масалаларида илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда суд ҳокимиятининг мустақиллигига оид халқаро андозалар, судьяларни танлаш ва тайинлашга масъул органлар фаолиятини ташкил қилиш, судьялар фаолиятини баҳолаш ҳамда интизомий жавобгарлигига доир масалалар муҳокама этилди.

– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Судьялар олий кенгаши фаолияти ва соҳага доир ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишдим, – дейди халқаро эксперт Маартен Стеенбеек (Нидерландия). – Судьялар олий кенгаши судьяларнинг мустақиллигини таъминлашда муҳим орган ҳисобланади. Бугунги семинар судьяларга нафақат Ўзбекистондаги, балки бу борада хорижий тажрибани таҳлил этиш ва ўрганишга ёрдам бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Бу эса суд қонунлари ва суд амалиётини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.

Хорижлик экспертлар томонидан суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва ҳисобдорлиги масалаларида Судьялар олий кенгаши ҳамда судьялар ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳамкорлиги ва фаолиятига доир илғор хорижий тажриба юзасидан тақдимотлар қилинди. Шунингдек, иштирокчилар Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда суд органларининг мустақиллигига доир Киев тавсиялари ҳамда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг ҳуқуқий хулосалари билан танишди.

ЎзА