Кодекслар лойиҳалари

ЭЪЛОН

ЖИХАН СУЛТАНОГЛУ E-SUD МИЛЛИЙ ТИЗИМИ ИМКОНИЯТЛАРИ БИЛАН ТАНИШДИ

10.11.2017

Ўзбекистон Республикасига “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияга иштирок этиш учун ташриф буюрган БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастури Маъмури ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича Минтақавий бюроси директори Айше Жихан Султоноглу E-SUD миллий ахборот тизими имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар судида бўлди.


Чет эллик меҳмон судда суд ҳужжатлари ва қарорларини ишлаб чиқилган намуналар асосида автоматик равишда тайёрлаш, фуқаролик ишларини судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимлаш ва суд ҳужжатларининг автоматлаштирилган ягона базаси билан батафсил танишди.

Айтиш керакки, E-SUD ахборот тизими 2013 йилда ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида амалга жорий этилган.

Бугунги кунда “E-SUD” тизими фуқаролик ишлари бўйича барча туманлараро, шаҳар ва туман судларида жорий этилган.

Чет эллик меҳмоннинг ташрифи давомида миллий ахборот тизимининг фойдали жиҳатлари, хусусан, суд ҳужжатларини тайёрлашда вақтни тежаш ҳамда ҳужжатларни қоғозда айланишини камайтиришдаги ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Жумладан, ушбу ахборот тизими амалга жорий этилгач, кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги 50 фоизга ошди, шунингдек, ҳужжатларнинг йўқолиш ёки эскириб қолиш ҳолатлари тўлиқ бартараф этилди.

Шунингдек, чет эллик меҳмон “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида тайёрланган амалий қўлланмалар билан танишди. Бу амалий қўлланмалар аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини янада шакллантириш, шунингдек, одил судловга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида тайёрланган.