Кодекслар лойиҳалари

ЭЪЛОН

ШҲТ Олий судлари раислари Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди

27.10.2017

Пойтахтимизда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн иккинчи йиғилиши қатнашчилари 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.

Меҳмонлар буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси билан танишиш чоғида делегация аъзоларига ушбу объектда амалга оширилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди.

– Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатига асос солган, мамлакат равнақи, халқнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлашга бутун умрини бахшида этган тарихий шахс, – деди Покистон Ислом Республикаси Олий суди катта судьяси Г.Аҳмад. – У киши бошлаб берган ишлар бугун Ўзбекистонда янгича миқёс ва талаблар асосида давом эттирилаётир.

Меҳмонлар Ҳазрати Имом мажмуаси, Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуасини зиёрат қилди, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан танишди. Ушбу мажмуалар мисолида мамлакатимизда тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, ёш авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга юксак баҳо берилди.

Делегация аъзолари Тошкентнинг диққатга сазовор бошқа жойларида ҳам бўлди.
 

ЎзА