Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

ЮРТГА МУҲАББАТ, КАСБГА САДОҚАТ

07.10.2017

Суд раиси қабулига бир аёл келиб, арз қилди. Эри вафот этган, бир ўғли, икки қизи билан яшаётган аёлнинг бир пайтлар турмуш ўртоғи билан яхши ниятда бунёд этган уйини, биринчи инстанциядаги суд ажримига кўра, олиб қўйишмоқчи экан. У бу ерга адолат истаб келганини, масалага жиддий ёндашиб, қонуний асосда ёрдам беришларини сўради. Ариза назорат тартибида ўрганилганида, аёлнинг иккинчи томондан қарзи борлиги, аммо қарз уйнинг ярим баҳосигаям тенг келмаслиги маълум бўлди. Холис, виждон ва қонун талабига кўра, протест келтирилган бу иш раёсат томонидан одилона ҳал этилди, муштипар аёл ўз уйига эгалик ҳуқуқини сақлаб қолди.

Бу, кўп йиллар суд-ҳуқуқ соҳасида самарали хизмат қилган, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик марказининг Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими бошлиғи, “Дўстлик” ордени соҳиби, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Парахат Айтниязовнинг ибратли фаолиятидан биргина мисол, холос.

Унинг умр йўли суд тизими билан чамбарчас боғлиқ. Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) даги таҳсилдан сўнг ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида маслаҳатчи вазифасида ишлай бошлаганида ёш мутахассис ҳали кўп ўқиб-ўрганиши зарурлигини, инсон тақдири билан боғлиқ бу ишда оқиллик, зийраклик, бой малака жудаям муҳимлигини қалбан ҳис қилди. Ўша ёш ва ғўр пайтларида соҳанинг Жума Адилова, Қосберган Илясов сингари тажрибали ходимлари яқиндан ёрдам берганини, улардан кўп нарсалар ўрганганини бугун у мамнуният билан ёдга олади.

Айтиш мумкинки, ёш мутахассиснинг кўп ўқиши ва изланиши, ўзига талабчанлиги унинг кейинги ҳаётида, масъулиятли вазифаларида асқатди.

Зеро, Нукус шаҳар судининг судьяси, Қўнғирот тумани судининг раиси, фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий судининг раиси ва бошқа масъул лавозимларда ишлаганида у фақат холислик ва адолатни ўзи учун қатъий мезон қилиб олди.

— Судья ўзининг дунёқарашини доимо кенгайтириб бориши, ҳуқуқий билимини ошириш учун тажрибали, билимли, маънавий етук инсонлар билан тез-тез мулоқотда бўлиши, уларнинг фикр ва тавсиялари асосида тегишли хулосалар чиқариши зарур, — дейди П. Айтниязов. — Ана шунда унинг ишида самара бўлади, муайян ҳолат бўйича тўғри қарор чиқаришда ички ишончи мустаҳкамланиб боради.

Мана, кўп йиллик бой ҳаётий тажрибадан олинган хулоса. Парахат ака ўзи танлаган бу тамойилга оғишмай амал қилди. Бинобарин, турли йилларда ўзига устозлик қилган Даумжар Ожраев, Турсунбой Қобланов, Нурулла Абдуллаев, Убайдулла Мингбоев, Алишер Мардиев, Григорий Шумскийдан чин инсоний фазилатларни ўрганиб, дилига жо қилди.

Бугун кўплаб ёш судьялар уни ўзларига устоз деб билишади. Кўпчиликка ибрат бўладиган хушмуомалалиги, бағрикенглиги, босиқ ва вазминлиги доимо уларни ўзига тортиб туради.

Чиндан ҳам, барча уни суд тизимини ривожлантириш, судлов жараёнида доимо адолатни юзага чиқаришга умрини бағишлаган инсон сифатида билади. Бу яқинда пойтахтимиздаги “Наврўз” нашриётида чоп этилган, суд соҳаси фидойилари фаолиятига бағишланган “Сиз билган ва билмаган ҳуқуқшунослар” номли китобнинг Парахат Айтниязов хусусида ҳикоя қилинган қисмида алоҳида тилга олинган.

Унга Ўзбекистон Республикаси суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик марказидан йўлланган бир табрикда мана бундай самимий эътироф битилган: “Сиз қаерда, қайси мансабда ишласангиз ҳам, барча иш фаолиятингизда холислик, виждон ва қонун амрига итоат этдингиз, фидойи инсон эканлигингизни кўрсатдингиз. Шунинг учун ҳам биз сизни Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган ажойиб, камтарин ҳуқуқшунос сифатида биламиз”.

Дарҳақиқат, кишига унинг ҳамкасблари ёки оддий инсонлар томонидан айтилган фикр энг холис ва адолатли баҳодир.

— Президентимиз раҳнамолигида бугун жамиятимизда, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қалбга жўшқин руҳ бағишлайди, — дейди Парахат оға. — Айниқса, Юртбошимизнинг тизим ходимлари билан бўлган учрашувдаги нутқи шу соҳанинг фахрийси сифатида мени жиддий мулоҳазага ундади. Айтишим мумкинки, соҳада олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишларга муносиб улуш қўшиш, ёш ҳуқуқшуносларга бор билим ва тажрибамни ўргатиш бундан кейинги фаолиятимда ҳам асосий талаб бўлиб қолаверади. Ана шунда биз судьялик касбимизга садоқатимизни, юртимизга бўлган муҳаббатимизни амалда исботлаган бўламиз.
 

Ҳидоят АҲМЕДОВ

(“Халқ сўзи” газетаси,
2017 йил 7 октябрь)