Кодекслар лойиҳалари

АЛДОВ ҚУРБОНИ

07.09.2017

Халқимиз оилани муқаддас билади. Фарзанд дунёга келгач, ота оилани моддий жиҳатдан таъминлайди, она бола тарбияси билан машғул бўлади. Айниқса, қиз боланинг тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади, унга шарқона одоб ўргатилади. Негаки, у эртага она бўлади, авлодлар давомийлигини таъминлайди. Бинобарин, аёл ва унинг шаъни, қадр-қиммати учун ҳаммамиз жавобгармиз.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай бўлса-да, улар орасида номақбул ишлар билан шуғулланаётган, ёш қизларни алдов йўли билан хорижга даромадли ишга деб юбориб, улардан бойлик орттириш воситаси сифатида фойдаланаётганлар ҳам, афсуски, учраб турибди.

Қувасой шаҳрида яшовчи Зулхумор Шокирова ана шулардан бири.

Эндигина 26 ёшни қаршилаган бу аёл бир оиланинг гулдек бекаси бўлиб, фарзандлари қувончига шерик бўлиши мумкин эди. Афсуски, у бу йўлни танламади.

Зулхумор 2016 йил октябрь ойида Наргизанинг моддий томондан қийналиб юрганини билиб, унга Россия Федерациясида катта миқдорда пул ишлаб олиши мумкинлигини айтиб, ёлғон ваъдалар беради. Албатта, мўмай даромадни эшитган қиз ҳам бу “таклиф”га кўнади. Унга билет жўнатади. З. Шокирова хорижга етиб боргач, Наргизанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини олиб қўяди. Иш топиб бериш ўрнига номақбул ишларга мажбурлайди.

Наргиза бир амаллаб унинг хонадонидан қочиб кетади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди мазкур жиноий ишни кўриб чиқиб, З. Шокировани уч йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Ҳа, бизнинг жамиятда жиноятга жазо муқаррар, буни ҳамма билиши шарт.

Одам савдоси қурбони бўлган Наргизанинг қисмати барчамизни янада огоҳ бўлишга ундайди. Ўз юртдошларини, таниш-билишларини, ёш қизларни алдаб, ўзга юртларга олиб кетаётган, уларни турли ишларга мажбурлаб пул топаётган кимсаларнинг асл башарасини кўраяпмиз.

Уларнинг кўпчилиги қонун олдида жавоб бермоқда. Шунча тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилаётганига қарамай, Зулхумор сингари кимсалар ёшларни алдаб, фирибгарлик йўли билан ғайри мақсадларда фойдаланаётгани асло кечириб бўлмас ҳолатдир.

Бугунги кунда хотин-қизлар етакчилари, маҳалла маслаҳатчилари, кўпни кўрган онахонлар, маънавият жонкуярлари, устоз ва мураббийлар аёллар ўртасида содир этилаётган турли жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириши давр талабидир.
 

ЎзА