Кодекслар лойиҳалари

ЭЪЛОН

СУД ВА НОТАРИУС ҲАМКОРЛИГИ

30.08.2017

Тошкент шаҳар адлия бошқармасида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьялари ҳамда Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари ҳудудида фаолият кўрсатаётган давлат нотариуслари иштирок этди. 

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Давра суҳбатида судлар ва нотариал идоралар ўртасида ўзаро маълумот алмашиш ва доимий равишда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди. Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишда қандай ҳолатларга эътибор қаратиш лозимлиги, нотариал ҳаракатларнинг барқарор бўлиши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутиши қайд этилди. 

Судга оид масала юзасидан нотариал идорага ёки аксинча нотариал ҳаракат билан боғлиқ масала юзасидан судга мурожаат қилган фуқароларни сарсон қилмасдан тўғри йўналиш берган ҳолда тушунтириш ишларини амалга ошириш кераклиги таъкидланди. 

– Фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судларга мурожаат қилиш ҳолатлари кўпайиши уларнинг одил судловга бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораётганлигини кўрсатади, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Шерзод Ражабов. – Ўтган йили фуқаролик судига 30 мурожаат келиб тушгани кузатилган бўлса, жорий йилдаги мурожаатлар сони етти ойда 280 дан ошди. 

Тадбирда баъзи нотариусларнинг ўз вазифасига лоқайдлик билан ёндашаётгани танқидий муҳокама этилди. Уларнинг маълумотларни, тегишли ҳужжатларни батафсил ўрганиб чиқмасдан иш юритиши фуқароларнинг турли сарсонгарчиликларига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Уларга судлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиб, бу каби хато ва камчиликларга йўл қўймаслиги уқтирилди.