Кодекслар лойиҳалари

ЭЪЛОН

САЙЁР СУДДА ЖИНОИЙ ИШЛАР КЎРИЛДИ

26.08.2017

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни муносабати билан судлар томонидан маъмурий ишлар корхона, муассаса, ташкилотларда сайёр тартибда кўриб чиқилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани Лабзак мавзесида бўлиб ўтди. Унда тўрт жиноят иши кўриб чиқилди. 

...Хузин Габдулнур бир ой муқаддам Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-модда 4-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан уч йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган эди.

Аммо тегишли тушунтиришларга қарамай, Х. Габдулнур жорий йилнинг 24 август куни тунги соат 01:00 да такрорий равишда спиртли ичимлик, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилгани ва бу хатти-ҳаракати билан озодликдан чеклаш мажбуриятини бажармаганлиги аниқланган. 

Шайхонтоҳур тумани ИИБ бошлиғи судга тақдимнома билан мурожаат қилиб, Х. Габдулнур такрорий равишда мажбуриятни бузгани учун унга тайинланган озодликдан чеклаш жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштиришни сўраган. 

Туман ички ишлар бошлиғининг тақдимномаси суд томонидан ўрганиб чиқилиб, Х. Габдулнурга белгиланган жазо озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. 

Худди шундай жазо Абдумалик Раҳимовга ҳам қўлланилди. У ҳам белгиланган мажбуриятларни бажармай такрорий равишда спиртли ичимлик ва гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилган. Туман ички ишлар бошлиғининг тақдимномасига кўра, А. Раҳимовга суд томонидан белгиланган озодликдан чеклаш жазоси муддати озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. 

Бахтиёр Ашрапов ва Ҳамиджон Отабоев илгари қилган хатти-ҳаракатидан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқарган ва белгиланган жазо муддатини ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларга доимий равишда риоя этиб келган. Шу боис туман ички ишлар бошлиғининг тақдимномаси суд томонидан ўрганиб чиқилиб, ушбу фуқаролар муддатидан аввал жазони ўташдан шартли равишда озод қилинди. 

Тадбирда бу каби сайёр суд мажлислари ўтказишдан кўзланган мақсад, айбдорга фақат жазо тайинлаш эмас, балки содир этилган жиноий қилмишнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш, фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш экани таъкидланди.
 

ЎзА