Кодекслар лойиҳалари

АДОЛАТ, ҲАҚИҚАТ, ВИЖДОН УЙҒОҚЛИГИ суд тизими ходимлари обрўси ва нуфузини оширишга хизмат қилади

02.08.2017

Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган вазифалар аниқ белгилаб берилди. Шундан келиб чиқиб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш орқали фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини мустаҳкамлаш, судларни “Адолат қўрғони”га айлантириш мақсадида сўнгги  йилларда тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш борасида амалий қадамлар ташланмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлаётир. Унда тизимни такомиллаштириш ва мақбуллаштириш борасидаги ўзгаришлар, судьяларнинг малака ва маҳоратига нисбатан талабчанлик оширилиши, суд жараёнларини пухта ташкил этиш бўйича ўртага қўйилган масалалар ўз бурчи ва қа-самёдига содиқ ҳар бир судьяни адолат тарозисини маҳкам тутишга ундайди.

Тизимни ислоҳ қилиш жараёнида жиноят ишларини қўшимча терговга қайтаришдек одил судлов мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган амалиётга чек қўйилгани айни муддаодир. Бинобарин, тажрибасиз ҳамда масъулиятни зиммасига олишдан чўчийдиган айрим ҳамкасбларимизга қўл келадиган бу усул суд нуфузини тушириб, фуқароларнинг унга нисбатан ишончини сусайтириб қўйган эди. Ўзим қирқ йил давомида суднинг барча даражаси — шаҳар, туман ва вилоят идораларида ишладим. Республика Олий судида фаолият юритган кезларимда жиноятчиликнинг мураккаб турларига оид ишларни кўриб чиқиш жараёнларида бевосита қатнашдим.

Нокамтарлик бўлса-да, айтай, чиқарган қарорларимизнинг ҳеч бири такрор кўришга қайтарилган эмас. Чунки ишни баҳолашда қонун ва виждон амрига бўйсуниб иш тутганмиз.

Олий суддаги фаолиятим давомида фуқароларни қабул қилиш, ариза ва шикоятлар бўлимида ишладим. Одамлар судья нохолислиги, ишлар юзаки кўрилиши, сансалорликлардан нолиб ёзганлари эсимда. Ўрганиш жараёнида бундай ҳолатлар негизида мутахассисларда малака етишмаслиги, уларнинг масъулиятсизлиги, далилни тўла текширмасдан хулоса чиқариши ётганлиги ўз исботини топган. 

Бугун биз ҳуқуқий демократик давлат қураяпмиз. Шундан келиб чиқиб, қонунларимиз ҳам такомиллаштирилмоқда. Масалан, собиқ тузум даврида бир хил шаклдаги қонунлар асосида яшаб, меҳнат қилган бўлсак, мустақиллик даврида ҳуқуқий асосларимиз миллий қадрият, урф-одатларимизга мослаб янгидан ишлаб чиқилди, халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари асосида маромига етказилди.

Энди ҳамма гап уларни оғишмай амалга ошириш, Президентимиз ва халқимиз олдида берган қасамёдимизга содиқ фаолият олиб боришда қолган.

Одамлар судга “Адолат қўрғони”, судьяларга унинг мустаҳкам қалқони сифатида қарамоғи лозим. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари шу йилнинг 13 июнида соҳа ходимлари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, фуқароларнинг ана шу ишончини амалда оқлай олаётганимиз йўқ. Суиистеъмолчилик, қонундан четга чиқиш, жиноий ишларни юзаки кўриб чиқиш, нохолислик ҳолатлари кўпайиб кетди. Судья қачон холис бўлади? Албатта, айбланувчига ҳукм -чиқараётган чоғда унинг ўрнига ўзини қўйиб, қонунни маҳкам ушлаганида. Шу боис судьяларнинг Ўзбекистон халқига мурожаатида одил судловни таъминлаш учун зарур бўлган барча муҳим вазифалар аниқ қилиб белгилаб берилди. Уларни бажариш ҳар бир ходимдан зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажаришни талаб этади. Ҳамкасблар, ёш судьялар ва шогирдларимиз билан суҳбатлар чоғида буни тез-тез такрорлайман.

Эндиликда эскичасига ишлаб бўлмайди. Зеро, судья фаолиятига унинг халқ билан мулоқоти, фуқаронинг бузилган ҳуқуқини тиклай олиши, ҳар бир инсон тақдирини ҳал этишда онгда адолат, тилда ҳақиқат, дилда поклик бўлишига қараб баҳо берилади. 
 


Мамажон ҒАНИЖОНОВ,
суд фахрийси


(“Халқ сўзи” газетаси,
2017 йил 2 август)