Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

ЯНГИ ТАЛАБЛАР АСОСИДА ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛ

26.07.2017

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, суд-хуқуқ соҳаси ходимлари иштирок этди. 

Сессияда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 13 июнь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан Жиззах вилоят судларининг фаолияти муҳокама қилинди. Ушбу масала юзасидан вилоят жиноят ишлари бўйича, фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий, маъмурий судлари раисларининг ахборотлари эшитилди. 

Президентимиз ташаббуси билан суд хокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва кўрилган амалий тадбирлар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди. 

Вилоят судлари раисларининг ахборотида ва музокараларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган суд ҳокимиятининг том маънода мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, муайян натижаларга эришилаётгани қайд этилди. 

Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 1 минг 355, фуқаролик ишлари бўйича судларда 9 минг 306, иқтисодий судда 16 минг 871 ва маъмурий судлар томонидан 8 минг 101 иш кўриб чиқилган. 

Тадбирда вилоят судлари фаолиятидаги айрим камчиликлар, жумладан, ҳудудларда сайёр суд мажлислари ўтказиш амалиётини қўллаш сустлиги танқид қилинди. 

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, судни чинакам “Адолат қўрғони”га айлантиришга эришиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканига алоҳида эътибор қаратилди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда жамоатчилик билан алоқани мустаҳкамлаш, ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта учрашув ўтказиш бўйича фикр алмашилди 

Сессияда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ярим йилликда амалга оширилган ишлар, оила, маҳалла, таълим муассасаларида ёшлар тарбияси ва вилоят ҳаётига оид бошқа масалалар муҳокама қилинди. Ушбу масалалар юзасидан вилоят хокимининг ўринбосарлари, бошқарма, ташкилот раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. 

Сессияда Жиззах вилояти ҳокими У. Узоқов сўзга чиқди.


ЎзА