Кодекслар лойиҳалари

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР, АММО...

21.07.2017

Бунда адолат ва инсонпарварлик асосий мезон ҳисобланади.

Инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бу борадаги муаммоларнинг қонуний ечимини топиш бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсади ҳисобланади. Албатта, ушбу жараёнда судлар зиммасига одиллик, ҳалоллик, адолат тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда иш юритиш юкланганки, бу айни пайтда нечоғли самара бераётгани барчага аён.

Буни ҳудудларда ўтказилаётган очиқ суд мажлислари мисолида яққол кўриш мумкин. Айтиш мумкинки, уларда кўрилаётган ишларнинг аксариятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналарига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар ташкил этади. 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани суди мазмун ва моҳияти билан аввалгиларидан фарқ қилди.  

...Судланувчи Самад Мирзаевни кузатамиз. Оғир, босиқ, бўй-басти келишган йигит. Сўнгги сўз унга берилди. Панжара ортидаги қора курсида ўтирган йигит вазмин гап бошлади:

— Айбимга, қилган жиноятимга иқрорман. Нопок шерикларимнинг гапига учиб жиноятга қўл урдим, тузатиб бўлмас хатога йўл қўйдим. Бундан қаттиқ афсусдаман. Иложи бўлса, менга бир маротаба имконият беринг. Айбимни Ватанимиз равнақи йўлидаги ҳалол меҳнатим билан юваман... 

Унинг сўзлари ва хатти-ҳаракатларидан чин кўнгилдан пушаймонлиги сезилиб турарди. Қолаверса, у эндигина йигирма беш ёшни қаршилаяпти, илгари судланмаган, етказилган зарар тўла қопланган, жабрланувчиларнинг эса даъвоси йўқ. 

Воқеага тўхталиб ўтадиган бўлсак, Чирчиқ шаҳрида туғилган бу йигит жиноий шериги билан ўзаро тил бириктириб, шу йилнинг 2 апрель куни Тошкент ҳалқа йўли четида турган “Нексия” русумли автомашинадан жами бир миллион сўм атрофидаги мол-мулкни ўғирлайди. Шу ҳаракатини давом эттириб, бошқа бир автомашинадан ҳам ўғирлик қилади. Ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида жиноятчи шу куннинг ўзида қўлга олинди. 

Мазкур жиноий иш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси тегишли моддаларига асосан тавсифланди ҳамда Зангиота тумани судининг ажримига биноан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу жиноят учун судланувчига беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин эди.

Дарвоқе, жиноий ишни кўриш жараёнида давлат айбловчиси ҳисобланган Зангиота тумани прокуратураси вакили судланувчига етти йил муддатга қамоқ жазосини белгилашни сўради.

Наҳотки, ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаб келган, иш ва яшаш жойидан ижобий тавсифнома берилган йигитнинг шунча умри панжара ортида ўтса?!

Албатта, бу ўринда жиноят жазосиз қолмаслигини ҳам эсдан чиқармаслик керак. 

Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 13 июнь куни судьялар билан учрашувдаги нутқи ҳамда Ҳаракатлар стратегиясида суд тизимини демократлаштириш ва янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ҳамда тизимда қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан этиб белгиланди. Мазкур тарихий ҳужжатлар, шунингдек, мамлакатимиз судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаати соҳа ходимларини ўз вазифасини адолат мезонлари асосида садоқат ва масъулият билан бажаришга ундамоқда. Нажот излаб келган ҳар бир одамда айнан судда адолат қарор топишига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаслиги зарурлиги мурожаатда алоҳида кўрсатилган.

Айтиш жоизки, суд тизимида олиб борилаётган бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлади. Судья Зафар Шаропов ўқиган ҳукмдан сўнг очиқ суд жараёнида иштирок этганлар бунга яна бир бор гувоҳ бўлди. 

Натижа шу бўлдики, С. Мирзаевга иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, икки йилу бир ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди. Жазо судланувчининг иш жойида ўталадиган бўлди.

Айбланувчига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у бевосита суд залидан озод этилди.

Фарзандини бағрига босган, кўзидан севинч ёшлари тинимсиз қуйилиб келаётган онаизор — Мавлуда Мирзаеванинг қувончини тасвирлаш мушкул.

У ушбу воқеа бутун оила учун аччиқ сабоқ бўлганлигини, ўғлига кўрсатилган мурувват ва инсонпарварлик учун ҳукуматимиз ҳамда Президентимиздан миннатдорлигини бот-бот такрорлади.

— Жуда адолатли қарор бўлди, — дейди судда қатнашган Чирчиқ шаҳридаги Бобур номидаги маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Атира Мусаева. — Мирзаевлар маҳалладаги обрў-эътиборли оилалардан бири ҳисобланади. Ўғлининг юриш-туришини эътибордан четда қолдирганимиз боис ана шундай нохуш ҳодиса рўй берган. Бу оила вакилларининг маҳалла фаолиятидаги иштирокини инобатга олиб, судга кафолат хати ёздик.

Бизнинг, шунингдек, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва ёшлар ташкилотининг илтимосномалари эътиборга олинганидан хурсандмиз. Аммо ушбу воқеа маҳалламизда ёшлар тарбияси бўйича кўплаб ишларни амалга оширишимиз лозимлигини яна бир бор кўрсатди. Бундан хулоса қилиб, фуқаролар йиғинидаги йўналишлар бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш, жамоатчи тарбиячилар иш услубини ўзгартириш билан боғлиқ вазифаларни белгилаб олдик.

Шу куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани судида кўриб чиқилган учта жиноят ишида олти нафар судланувчи залнинг ўзидан озодликка чиқарилди. Шунингдек, Қибрай ва Бўка туманлари ҳамда Бекобод ва Ангрен шаҳарларида бўлиб ўтган суд жараёнларида кўрилган жиноий ишлар қонунийлик, адолат ҳамда инсонпарварлик тамойиллари асосида муносиб баҳоланди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ

(“Халқ сўзи” газетаси,
2017 йил 21 июль)