Кодекслар лойиҳалари

СУДЬЯЛАР ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛДИ

18.05.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда судьялар, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.


Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг қарорига мувофиқ биринчи маротаба лавозимга тайинланган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро ва шаҳар судлари судьяларининг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш. Газиев, Судьялар олий кенгаши раиси М.Усмонов, Судьялар ассоциацияси раиси ўринбосари У.Мингбоев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида тарихий ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. 

Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. 

Фармонга мувофиқ, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. 2017 йил 7 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун кучга киргани мазкур тузилманинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлади. 

Судьялар олий кенгашига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қоракалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларидан ташқари барча судьяларни Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга тайинлаш ва лавозимлардан озод этиш бўйича ваколатлар берилди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2017 йил 16 майдаги қарори билан илк бор беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган етти нафар судьянинг қасамёди эшитилди. 

– Давлатимиз байроғи остида тантанали равишда қасамёд қабул қилиш юксак шараф ва улкан масъулиятдир, – дейди фуқаролик ишлари бўйичаСамарқанд вилояти Каттақўрғон туманлараро судининг судьяси лавозимигатайинланган Назира Раҳмонова. – Ана шундай масъулиятли вазифага киришарканмиз, Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётда ўз ифодасини топиши, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини юксак даражада ҳимоя қилиниши йўлида фидойилик билан хизмат қиламиз. 

Қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳнома ва «Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари» китоби топширилди.