Кодекслар лойиҳалари

ФИРИБГАРЛИК – ИЛЛАТ

18.05.2017
Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди номидаги маҳаллада Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти ҳамда Урганч шаҳар судлари томонидан “Фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар ва уларнинг олдини олишда эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар” мавзусида маҳалла фаоллари ва ёшлар билан давра суҳбати ўтказилди. 

Президентимиз раҳнамолигида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд иш юритувининг сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Қарийб 3 минг аҳоли истиқомат қилаётган маҳалла аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи ёшлардир. Айни пайтда фирибгарлик жиноятини содир этаётганлар ҳам, жабрланувчилар ҳам асосан ёшлар бўлаётгани уларнинг ҳуқуқий билимини оширишни тақозо этмоқда. Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди раиси Б. Умаров иштирокчиларга фирибгарлик жинояти, ушбу жиноятга олиб келадиган сабаблар ва унинг олдини олиш омиллари ҳақида сўзлаб берди. 

– Ўтган йили Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судлари томонидан 260 га яқин жиноят иши кўриб чиқилди, – дейди Б. Умаров. – Қонунларга беэътибор бўлмаган инсон ҳеч қачон бундай ачинарли ҳолатга тушиб қолмайди. Очиғи, фирибгар қўшнимиз ёки дўстимиз бўлиши ҳам мумкин. Бироқ лоқайд бўлмасдан ўз вақтида ана шундай шахслар қилмишига чек қўйилишига ҳисса қўша олсак, аввало, бир кишини кутилмаган талафотдан қутқариб қоламиз, энг муҳими, фуқаролар осойишталиги ва жамиятимиз равнақига ҳисса қўшган бўламиз. 

Тадбирда содир этилган жиноятларни муҳокама қилишда асосий эътибор жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини кўрсатиб бериш, аҳолини ҳушёрликка, огоҳликка чақириш, жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига қаратилди. Иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлари ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани тушунтирилди.