СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР МАЗМУН-МОҲИЯТИГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

15.05.2017

Урганчда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди ҳамкорлигида қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масалаларига бағишланган ҳудудий ўқув-семинар ўтказилди. 

Хоразм вилоятидаги фуқаролик ишлари бўйича ва хўжалик судлари раислари, судьялари, тадбиркорлар, адвокатлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган семинарда Президентимиз раҳнамолигида қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

Суд ҳокимияти тармоғини ислоҳ қилиш ва либераллаштириш Президентимиз томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, ушбу йўналиш бўйича амалий аҳамиятга эга чора-тадбирлар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида ҳам ўз ифодасини топгани алоҳида қайд этилди. 

Иштирокчиларга фуқаролар мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш, уларни ўз вақтида, қонун доирасида бажаришда судьялар ва суд ходимлари жавобгарлигини кучайтириш, масъулиятини ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тушунча берилди. 

– Бундай тадбирлар бугун биз, ҳуқуқшунослар учун жуда муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳуқуқшуноси Д. Йўлдошева. – Семинар доирасида янги қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни фуқаролик ишлари бўйича судлар амалиётига тўғри татбиқ қилиш билан боғлиқ тавсиялар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини тубдан яхшилаш, судлар фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ҳақида кўпгина маълумотларга эга бўлдик.