Кодекслар лойиҳалари

ЎЗБЕКИСТОН ВАКИЛЛАРИ ЕВРОПА ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНМОҚДА

12.05.2017

Суд-ҳуқуқ тизимининг туб моҳиятини ўзгартириш, уни инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя этишда асосий кафолатга айлантириш ҳамда суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш Ўзбекитонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳисобланади. Мамлакатимизда мазкур йўналишда аниқ чора-тадбирлар қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ қилинмоқда.

Жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб республикамизда суд-ҳуқуқ тизимида изчиллик билан туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Асосий Қонунимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш каби муҳим мақсадга эришишга қаратилган қонунлар ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди

Хусусан, жорий йил 1 июндан эътиборан Ўзбекистонда ягона олий суд инстанцияси – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз фаолиятини бошлайди. Мазкур орган Олий ва Олий хўжалик судларининг ўзаро қўшилуви асосида юзага келади. Юртимизда оммавий-ҳуқуқий баҳс-мунозараларни кўриб чиқишга масъул судлар ўз ишини бошлайди. Шу билан бирга, янги конституциявий орган – Ўзбекистон Республикси Судьялар олий кенгаши шакллантирилди.

Юқорида қайд этилган барча янгиликлар ва ижобий ўзгаришлар суд тизимининг кейинги ривожланишидаги асосий йўналишларни белгилаб берган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топган.

Шубҳасизки, қайд этилган чора-тадбирларни ҳаёга тадбиқ этишда хориж тажрибаси билан яқиндан танишиш ва ўрганиш жуда муҳимдир. Шу мақсадда айни дамда Олий суд судьялари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Адлия вазирлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида Германия ва Австрияга ташриф уюштиришмоқда.

Сафардан кўзланган мақсад ушбу давлатларнинг судлар фаолиятини ташкиллаштириш, суд бошқаруви, судьяларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, судлар фаолитига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш соҳалардаги тажрибасини ўрганишдир.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Гессен Олий ўлка суди ва Гемания судьялар ассоциациясида учрашувлар ўтказиб, суд бошқаруви, ходимларни бошқариш, судлар фаолиятида АКТдан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашишди. Шу ўринда Германиянинг АКТни судларда самарали жорий қилиш, жумладан, суд мажлисларида аудио қайд этиш бўйича тажрибаси эътиборга моликдир.

Делегациямиз вакиллари Германия судьялари малакасини оширишдаги муҳим бўғин ҳисобланадиган Суд академияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Германияда судьялар учун мажбурий малака ошириш талаби мавжуд эмас. Академия амалдаги судьяларга уларнинг сўрови асосида ўзларини қизиқтирган мавзулар юзасидан ўқув дастурлари тузиб чиқади. Ишни бу тарзда олиб борилиши тингловчиларнинг фаоллигига сабаб бўлади ва малака ошириш жараёнида расмиятчиликни бартараф этади. Чунки ўқув курсларига эҳтиёж судьялар корпуси томонидан белгиланади.

Курслар мавзулари турли хил бўлиб, улар юридик мавзудан (50 %) тортиб руҳий ҳолат (20 %) ва ўзаро бир-бири билан боғланган соҳаларни (30 %) ўз ичига олади. Судьялар “тана тили”, нотиқлик санъати, ҳаяжон ва низоларни бошқариш, медиатренинг, психология ва сўроқ қилиш тактикаси каби “юмшоқ кўникмалар”ни ҳамда ўзаро бир-бири билан боғланган (суд бухгалтерияси, суд тиббиёти, суд психиатрияси, ҳуқуқ ва интернет, ҳуқуқ ва этика) соҳаларни ўрганишади.

Бавария Олий маъмурий судида иштирокчилар адлия бошқаруви тизими, суд юрисдикцияси соҳалари, маъмурий судларнинг ташкилий, молиявий ва кадрлар таркибий қисми ҳамда АКТдан фойдаланиш бўйича фаолияти билан танишишди.

Олдинда Австирия Адлия вазирлиги, Олий суди, Федерал маъмурий суди ва Судьялар ассоциацияси фаолияти билан яқиндан танишиш режалаштирилган.

Ўзбекистон делегациясининг Германия ва Австрияга ташрифи 18 май куни ўз ниҳоясига етади.