ОЛИЙ СУДДАГИ УЧРАШУВЛАР

10.05.2017
Ўзбекистон Республикаси Олий судида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зейд Раад ал-Ҳусайн Олий суд раиси Ш. Газиев билан учрашди.

 
Шунингдек, шу куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ўзбекистон Республикаси адлия вазири М. Икромов, ички ишлар вазири А. Азизов ва бош прокурори И. Абдуллаев билан учрашди.
 

Музокараларда Ўзбекистон билан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва айни йўналишда истиқболдаги масалалар муҳокама қилинди.
 
Учрашувлар чоғида Ўзбекистонда барча соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этиб ўтилди. Энг муҳими, бу демократик янгиланишлар инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини амалда кафолатли таъминлашга йўналтирилган. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу, ўз навбатида, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос келади.
 
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан Ўзбекистонга Универсал даврий таҳлил бўйича берилган тавсияларни амалга ошириш мақсадида миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинган ва муваффақиятли амалга оширилиб келмоқда.
 
БМТнинг Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ўртасида Англашув меморандуми имзолангани алоҳида қайд этиб ўтилди. Мазкур ҳужжат доирасида БМТнинг Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ўртасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича фаолият юзасидан қонун ҳужжатлари, ахборот-таҳлилий материалларни ўзаро алмашиш, ушбу йўналишда ҳамкорликда методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва чоп этиш, ўзаро маслаҳатлашувлар, миллий ва халқаро конференция, семинар, давра суҳбати, тренинглар ташкил этиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашга оширишга қаратилган дастур ва режалар ишлаб чиқиш ҳамда амалга жорий этишга кўмаклашиш кўзда тутилган.
 
Томонлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганини қайд этиб ўтишди.
 
Шунингдек, халқаро демократик тамойилларни миллий қонунчиликка жорий этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
 
Бундан ташқари инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали ҳимояси тўлиқ таъминланмоқда. Бу борадаги қонунчилик асослари босқичма-босқич такомиллаштириб борилмоқда. Қонунларнинг амалий ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилган.
 
Музокараларда, шунингдек, томонлар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиш борасида халқаро тажрибани ўрганган ҳолда миллий қонун ҳужжатларининг роли, мамлакатимиз қонунчилик тизимига халқаро тамойилларнинг жорий этилиш ҳолати, келгусида қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база, шунингдек, суд механизмларини янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратишди.
 
Учрашувларда Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори А. Саидов ва Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ Бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси У. Лапасов иштирок этди.
 
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати