ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

06.05.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш. Газиев Фарғона вилоятида сайёр қабул ўтказди. 

Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасида ташкил этилган сайёр қабулда вилоят жиноят, хўжалик, фуқаролик судлари раислари ва судьялари, маҳаллалар раислари, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди. 

Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, адолатни қарор топтириш борасида жойларда сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Ҳар бир мурожаат диққат билан ўрганилиб, қонуний ҳал этилмоқда. 

Мурожаатларда билдирилган жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларнинг манфаатига дахлдор масалаларни белгиланган тартибда ва муддатда кўриб чиқиш зарур. Қабул қилинадиган ҳар бир суд қарорининг асосли, адолатли ва қонуний бўлишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўтган давр мобайнида вилоятдаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган 17 минг 937 мурожаатнинг 434 таси суд амалиёти билан боғлиқ. 

Сайёр қабулда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари томонидан суд амалиёти билан боғлиқ масалаларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ва бевосита Олий судга қилинган мурожаатлар тингланди. 

– 1995 йилда оиламизда қувончли воқеа бўлиб, 4 фарзанд кўрдик – дейди Фарғона шаҳридан Алишер Тошматов. – Давлатимиз томонидан оиламиз қўллаб-қувватланиб, тўрт хонали уй совға қилинди. Афсуски, мазкур уйимизни биздан ноҳақ олиб қўйишди. Бир неча йиллардан буён уйни ололмай сарсонмиз. Бугунги сайёр қабулда бу борада қонуний ечим сўраб мурожаат қилдим. Бизнинг дардимизни эшитиб, унинг адолат ва холислик тамойиллари асосида ҳал этилишидан жуда ҳам хурсандмиз. Бу мамлакатимизда инсон манфаатларига бўлган юксак эътиборнинг амалдаги самарасидир. 

Сайёр қабулда фуқароларнинг уй-жой, мулкий низолар, ажрим, фирибгарлик, ер ажратиш, оила-никоҳ каби турли мазмундаги 50 дан ортиқ мурожаати кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг адолатли, қонуний ечимини таъминлаш учун вилоятдаги тегишли суд раислари ва судьяларга аниқ топшириқлар берилди.