Кодекслар лойиҳалари

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

04.05.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Қ. Тоғаев бола ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт Р. Винтер (Австрия) билан учрашди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, бу борадаги қонуний асосларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Мамлакатимизда ёш авлодга эртанги кунимизнинг ҳақиқий эгалари сифатида эътибор қаратилиб, уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, замонавий билим олиши, ўз қобилият ва иқтидорини намоён этиши учун барча шароит яратиб берилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Бу соҳага оид бешта халқаро конвенция ратификация қилинган, ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани кафолатланган. Мамлакатимизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси талаблари, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Бу соҳадаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунига мувофиқ васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахслар, шу жумладан, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактика қилинмоқда, судларда ва бошқа муассасаларда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояланаётир. 

Мамлакатимиз Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги (Женева, 1973 йил 26 июнь) ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини таъқиқлаш ва уларга барҳам беришга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияларга (Женева, 1999 йил 17июнь) ҳам қўшилган ва бу борадаги ўз мажбуриятларини изчил бажариб келмоқда. 

Учрашувда томонлар Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларига оид қонунчилик доимий такомиллаштириб борилаётгани, қонун ижроси назорати йўлга қўйилганини қайд этдилар.

– Мамлакатингизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси ҳаётга тўла татбиқ этилаётгани, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база мавжудлиги эътиборга молик, - деди Р. Винтер. - Бу йўналишда Ўзбекистон қонунчилигининг доимий такомиллаштириб борилаётганини, соҳада халқаро ҳамкорликка катта эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этишни истардим.

Учрашув давомида бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда миллий қонунчилигимизнинг ўрни, бу борадаги қонунчилик тизимига жорий этилаётган халқаро стандартлар хусусида сўз юритилди.

Соҳада қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани, суд механизмларини янада такомиллаштириш, бу борада халқаро тажрибани ўрганишга оид масалалар муҳокама қилинди.