Бўритош Мустафоев вафот этди

12.04.2017

2017 йил 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Бўритош Мустафоев вафот этди.

Бўритош Мустафоев 1949 йилда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1971 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори лавозимидан бошлаган. Кўп йиллар давомида прокуратура органларида масъулиятли лавозимларда ишлаб, 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси прокурори, 1993 йилда эса Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимига тайинланди. 1998 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Адлия вазирининг ўринбосари, Конституциявий судининг раиси, Марказий сайлов комиссиясининг раиси, Олий судининг раиси лавозимларида ишлади. 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари лавозимига сайланиб, умрининг охиригача шу лавозимда меҳнат қилиб келди.

Б.Мустафоев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони, II даражали “Шон-шараф” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган. Олий малака даражали судья. I даражали Давлат адлия маслаҳатчиси.

Буритош Мустафоев оқил ва олийжаноб, Ватанни самимий севадиган ва халқи учун жонкуяр инсон эди. У мамлакатимизда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга, ҳуқуқ тизимининг шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди,  умумий юрисдикция судлари судьялари ва ходимлари Бўритош Мустафоевнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур ҳамдарлик билдиради.