Кодекслар лойиҳалари

СУД ТИЗИМИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ФУҚАРОЛАР МАНФААТЛАРИГА МОС

12.04.2017

Мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири – суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида шу мақсадга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. 


Мазкур фармонда судлар фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланишни янада кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ахборот тизимлари ва ресурсларини янада такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши назарда тутилган. 

Ўзбекистон Республикаси Олий судида «Фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятини янада такомиллаштириш – суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналиши» мавзуида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон Олий суди, БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси вакиллари, олимлар, экспертлар иштирок этди. 

Адлия вазирининг ўринбосари Н. Жўраев, Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Х. Ёдгоров ва бошқалар суд тизимининг босқичма-босқич демократлаштирилаётгани инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу борада илғор фан-техника ютуқлари ва ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усуллари жорий этилаётгани ишлар самарасини ошираётир. 

– Ўзбекистонда барча соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ўзига хос янги босқичга кўтарилмоқда, – дейди БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили С. Приснер. – Суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини самарали таъминлашга йўналтирилаётгани билан аҳамиятлидир. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги Ҳамкорлик дастури, БМТ томонидан амалга оширилаётган Тараққиёт дастури мақсадларига тўла мос келади. 

– Ўзбекистон суд тизимидаги ислоҳотлар жараёнида халқаро ҳамкорликка эътибор қаратаётгани, энг илғор тажрибаларни жорий этаётгани муваффақиятлар омили бўлмоқда, – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Д. Риордан. – Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда шу йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларида ҳам ана шу жиҳатларда эътибор қаратилган. 

Давра суҳбатида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, хорижий экспертлар иштирокида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятининг функционал таҳлили натижалари муҳокама этилди. Қайд этиб ўтиш керакки, бундай таҳлил давлат органлари фаолиятини баҳолаш воситаси сифатида қўлланилади.

Хорижий экспертлар мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ислоҳот ва ўзгаришларга юқори баҳо берди.