Кодекслар лойиҳалари

ОДИЛ СУДЛОВНИНГ МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

11.04.2017

Мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини кафолатлаш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги саъй-ҳаракатларни яна бир поғона кўтаришга қаратилган бўлиб, айни чоғда ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик вакиллари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Дониёр АБДУҚОДИРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:

— Суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, унинг мустақиллигини кафолатлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга оид зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимли равишда рўёбга чиқарилмоқда. -Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги ва жорий йил 21 февралдаги фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Қонунга мувофиқ, Конституциямизга ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. 

Маълумки, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш бугунги кунда ҳаётий зарурат бўлиб, бунда, энг аввало, суд тизимини замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш ва мақбуллаштириш талаб этилади. Шу нуқтаи назардан айтганда, мазкур Қонун суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Биз, депутатлар ушбу янгиликларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтиришимиз мақсадга мувофиқдир. Аҳоли билан бўлиб ўтадиган мулоқотларда, тадбиркорлар билан учрашувларда ушбу конституциявий ислоҳотлар одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишига эътибор қаратган ҳолда, парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан фойдаланишимиз айни муддаодир.

Олимжон ҲАЙИТОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:

— Мамлакатимизда жамиятда қонун устуворлигини кафолатлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, судларнинг мустақиллигини тўла таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил рўёбга чиқариб келинмоқда. 

Буни 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси, уни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастурида белгиланган суд тизимида қабул қилинаётган ҳар бир қарор асосли, адолатли бўлишига -эришиш, судларни чинакам мустақиллиги ва одил судловга аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги Қонун шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. У билан мамлакатимизда суд ҳокимияти тизими тубдантакомиллаштирилмоқда. Аниқроғи, Ўзбе-кистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимияти ягона олий органи, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда.

Бунинг ўзига хос сабаби бор. Гап шундаки, суд ҳокимиятининг икки олий органи бир пайтда фаолият олиб бориши қонун ҳужжатлари талаблари бир хилда қўлланишида муайян қийинчилик ва мураккабликларни келтириб чиқарди. Шу боисдан суд ҳокимияти ягона олий органи йўлга қўйилдики, бу соҳадаги ана шундай камчиликларни бартараф этишга ва пировардида одил судлов самарадорлигига эришишга хизмат қилади.

Наргиза МАҲКАМОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:

— Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги янгиланишлардан кўзланган асосий мақсад фуқаролар ҳаётида юз берадиган низо ва муаммоларни адолатли ҳал этиш орқали уларнинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборатдир. Бунда, шубҳасиз, судларнинг нуфузини ошириш ва -мустақиллигини таъминлаш муҳим ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Асосий Қонунимизга киритилган ўзгартишлар ва қўшимча ана шу мақсадлар ижросига йўналтирилган. Зеро, бу ҳужжат билан янги конституциявий орган, яъни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилмоқда. Бу кенгаш судьялар ҳамжамияти органи ўлароқ, суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақидаги конституциявий норма ва принципларга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. 

Шунингдек, судлар учун номзодларни танлаш, судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг шу жараёндаги иштирокини кенгайтириш, малакали судьялар корпусини шакллантириш вазифаларини самарали амалга ошириш имкониятларини яратади.

Умуман олганда, Конституциямизга киритилган бу янгиликлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга кўтариш баробарида, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Зайнаб БЕРДИЕВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Ўтган йиллар давомида рўёбга чиқарилган ислоҳотлар одамларда одил судловга нисбатан ишонч ҳиссини мустаҳкамлашга ҳамда адолатли жамиятни барпо этишга замин яратди. Шу билан бирга, давр талабларининг ортиши, энг аввало, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш механизмининг ривожланиб бориши барча соҳа қаторида суд тизимини ҳам изчил такомиллаштиришни тақозо этади. Янги Қонун ана шу нуқтаи назардан ғоят эътиборга моликдир.

Мазкур конституциявий тузатишларга мувофиқ, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилди. Ушбу ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади. Хусусан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шу жумладан, давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг берган шикоятларини ва мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судларнинг тузилиши инсонларнинг, юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқлари ва эркинликларини, манфаатларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини тубдан оширади.

Шу ўринда биз, Олий Мажлис Сенати аъзолари парламент назоратини кучайтириш орқали барча жабҳада адолат ва қонун устуворлиги йўлидаги ислоҳотлар самарадорлигига ҳисса қўшмоғимиз муқаддас бурчимиз эканлигини айтиб ўтиш зарур. Суд-ҳуқуқ тизимида жорий қилинаётган янги қоида ва нормаларни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, ҳуқуқий таълим ва тарғиботни янада кучайтиришимиз талаб этилади. 

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
Фарида МАҲКАМОВА ёзиб олди.

(“Халқ сўзи” газетаси,
2017 йил 11 апрель)