Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ДОИМО ҲИМОЯДА

24.02.2016

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Тадбиркорлар ҳуқуқлари суд ҳимоясида” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ташкил этилган тадбирда суд ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази директори Н.Жўраев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ўсаётганида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улкан ҳиссаси борлигини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2015 йил 20 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун соҳа ривожига янада кенг эркинлик яратди. 

Бу борада суд органларининг масъулияти оширилгани тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. 2015 йилда умумий юрисдикция судлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ ҳамда хўжалик юритувчи субьектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини поймол қилиш каби ҳаракатлар учун жиноий ва маъмурий ишлар кўриб чиқилган. Натижада 3 нафар шахсга нисбатан жиноий ва 128 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган. 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-моддасининг янги таҳририга мувофиқ судлар томонидан 2015 йилда 12 жиноий иш бўйича суд қарори бекор қилиниб, 22 нафар тадбиркорлик субъекти вакили жиноий жавобгарликдан озод этилган. Жиноят кодекси 189-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари декриминализация қилиниб, судлар томонидан 22 жиноят иши суд қарорига асосан бекор қилиниб, 33 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган. 

Бу борадаги суд амалиёти самарадорлиги ошишида, ушбу йўналишдаги мурожаатларнинг тўғри ҳал қилинишини таъминлашда Олий суд ва Олий хўжалик суди пленумларининг “Ишларнинг тааллуқлилиги билан боғлиқ процессуал қонун ҳужжатлари нормаларини судлар томонидан қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қўшма қарори муҳим ўрин тутмоқда. 

Тадбирда тизимда тадбиркорлар манфаатини таъминлаш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда соҳага оид қонунлар тарғиботи доимо эътиборда экани таъкидланди. Бу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, тадбиркорлар ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришда замонавий имкониятлардан унумли фойдаланиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.