Кодекслар лойиҳалари

Олий суд ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида ва назорат тартибида кўради. У ўзи биринчи инстанция сифатида кўрган ишларни апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг хоҳишига кўра апелляция ёки кассация тартибида кўриши мумкин. Апелляция тартибида кўрилган иш кассация тартибида кўрилмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди:

  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
  • суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади;
  • судларнинг кадрлари малакаси оширилишини ташкил қилади.


Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг раиси ҳамда раис ўринбосарлари — фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатларининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборат бўлади ҳамда қуйидаги таркибда иш олиб боради:

  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати;
  • Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;
  • Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;
  • Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати;
  • Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати.